Сурия Эрондан 300 млрд доллар талаб қилмоқчи – ОАВ
Олам
−
11:47
9121Суриянинг муваққат ҳукуматига яқин манба Эрон билан ҳеч қандай алоқанинг мавжуд эмаслигини, шу жумладан, Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси ва Сурия элчихонасининг Теҳрондаги очилиши бўйича дипломатик музокараларни рад этиб, мамлакатдан Суриядаги жиноятлар учун 300 миллиард доллар талаб қилинишини билдирган. Бу ҳақда “Al Modon” хабар берди.
Билдирилишича, ушбу инкор Эрон ҳукумати расмий вакили Фотима Моҳажерани томонидан кеча, 24 декабрь куни берилган баёнотларга жавобан айтилган. Моҳажеранига кўра, Сурия муваққат ҳукумати билан музокаралар давом этмоқда, шунингдек, иккала элчихона очилиши масаласи муҳокама қилинмоқда. Бироқ манбанинг сўзларига кўра, Сурия ва Эрон ўртасидаги алоқа “бутунлай узилган” ва Моҳажерани томонидан илгари сурилган дипломатик музокаралар ҳақидаги иддаолар қатъиян рад этилган. Манба, шунингдек, келажакда Эрон билан дипломатик алоқалар ўрнатиш режалари йўқлигини таъкидлаган, яъни Дамашқдаги Эрон элчихонасининг очилиши ҳақида ҳеч қандай режа йўқ.
Бундан ташқари, муваққат ҳукумат халқаро судларга юбориладиган меморандум тайёрлаяпти. Унда Эроннинг “жиноят ва зулм” сиёсати туфайли Сурия халқига ва инфратузилмасига етказилган зарарни қоплаш сифатида 300 миллиард доллар миқдорида компенсация талаб қилинади. Бу талаб Эроннинг Башар Асад режими ва унинг аскарларига ҳарбий ёрдам кўрсатиши билан боғлиқ зарарларни қоплашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ номаълум террорчилар гуруҳи Сурия пойтахти Дамашқда Эрон элчихонасининг техник ходими машинасига кутилмаган ҳужум уюштирган эди. Террорчилар ўт очган машина ичида Дамашқдаги Эрон элчихонасининг маҳаллий ходими Довуд Битафаф бўлган ва у ҳужум оқибатида вафот этган.