Супермодель Наоми хайрия пулларини маишатга сарфлашда айбланди
Маданият-санъат
−
03 Октябрь
1297954 ёшли британиялик супермодель, актриса ва қўшиқчи Наоми Кэмпбелл ўзига тегишли “Fashion for Relief” хайрия ташкилотидан тушган пулларни ўз маишати йўлида сарфлагани айтилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 2019 йилда Британия музейида бўлиб ўтган “Fashion for Relief” машҳур мода кўргазмаси ва хайрия аукционида Кэмпбелл UNICEF ва Лондон мэрининг фонди учун пул йиғишини айтган. Бироқ UNICEF’нинг Буюк Британиядаги ваколатхонаси ўз баёнотида ҳеч қачон “Fashion for Relief” жамғармаси билан расмий ҳамкорлик қилмагани ва 2019 йилги тадбирдан умуман маблағ олмаганини маълум қилган.
UNICEF 2022 йилда Англия ва Уэльсдаги хайрия комиссиясига Кэмпбеллнинг хайрия фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этган. Унда хайрия ташкилотининг розилигисиз ва потенциал донорларни чалғитадиган тарзда UNICEF брендидан фойдаланилгани қайд этилган.
“Биз маблағ йиғиш қоидаларига жиддий ёндашамиз”, дейилади БМТ Болалар жамғармаси баёнотида.
Хайрия комиссияси вакилининг сўзларига кўра, UNICEF'нинг ҳисоботи қонуний текширувлар доирасида кенгроқ далиллар ва маълумотлар билан кўриб чиқилган ва ўтган ҳафта ўз натижаларини эълон қилган.
Суриштирув ҳисоботи шуни кўрсатдики, жамғарма 2016 йилдан бошлаб беш йил давомида бир қатор мода намойишларидан тахминан 4,8 миллион фунт стерлинг (6,4 миллион доллар) олган. Улардан атиги 389 минг фунт стерлинг (520 минг доллар) хайрияга йўналтирилган. Пулларнинг асосий қисми эса Кэмпбелл учун меҳмонхоналар, хавфсизлик, сигареталар ва бошқа шу каби шахсий эҳтиёжларга сарфланган.
Шу сабабдан “Fashion for Relief” хайрия ташкилотлари рўйхатидан ўчирилди ва Кэмпбелл беш йил давомида хайрия билан шуғулланишдан маҳрум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева кеча, 2 октябрь куни Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича IV Жаҳон конференцияси доирасида британиялик супермодель Наоми Кэмпбелл билан учрашганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь