Суперлигадаги беўхшов ҳазил муаллифи эҳтиётсизлиги учун узр сўради
Спорт
−
11 Март
7482Аввалроқ, футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати 2-тури доирасида бўлиб ўтган “Андижон” - “Бунёдкор” учрашувининг 32-дақиқасида меҳмонлар футболчиси Усмонали Исмоналиев “Андижон” аъзоси Муҳаммадкарим Тоировга қилган беўхшов ҳазили учун ҳакам Азиз Асимов томонидан майдондан четлатилгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан “Бунёдкор” аъзоси Исмоналиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Муҳаммадкарим билан ёшликдан катта бўлганмиз, 3 йил бир жамоада тўп тепдик. Оғир кунларимизда бир-биримизни қўлладик, ёнма-ён бўлдик. Оилавий борди-келдимиз бор. Қисқаси, у билан ака-укадек яқинмиз, қалинмиз. Ҳазиллашганим учун қоидага амал қилишди, четлатишди, эътироз йўқ. Тоиров ўша вақтда ҳакамга “қизил карточка кўрсатманг” демоқчи эди, улгурмай қолди, чунки уни йиқитишди. Бунинг учун ўзи мендан узр сўради”, дейди Исмоналиев.
Исмоналиев ўша вазиятда инсонийлик иккинчи “планга” тушганини билдирди.
“Голимиз VAR'да текширилаётганда Муҳаммадкарим билан ҳазиллашдик. Бошқа жиддий гап йўқ. Вазиятни чуқурлаштириш, муаммо излаш, ваҳима кўтариш шарт эмас. Агар ўша ҳазилим учун қизил карточка кўрсатилишини билганимда Муҳаммадкаримни олдига умуман яқинлашмасдим. Хўп, мен четлатилдим, вазиятни қўрқинчли қилиб кўрсатиш, Тоировни йиқитиб, уни ётган жойида тепиш шарт эмас. Ҳакам чўнтагидан карточка чиқарди, фикридан қайтмайди. Ҳазиллашганим учун қоидага амал қилишди, четлатишди, инсонийлик иккинчи “планга” тушди, эътироз йўқ. Эҳтиётсизлигим учун мухлислар ва мураббийлар штабидан узр сўрайман”, дейди футболчи.
Қайд этиш жоиз, ўша вазиятда мезбонлар футболчиси Фарҳод Бекмуродов Исмоналиевдан зарба қабул қилиб олган Муҳаммадкарим Тоировни айёрлик ишлатмаганликда койиб, уни ерга ётишга мажбур қилган. Кейин эса жамоадошига нисбатан рақибнинг четлатилаётган футболчисиданда беўхшов ҳаракатни амалга оширган.
Ҳолат бўйича Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) эса спортчиларга хос бўлмаган хатти-ҳаракати учун Бекмуродовни жазолаш масаласини Тартиб-интизом қўмитасига киритишини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь