Суни Уильямс аёл астронавтлар орасида рекорд ўрнатди

Бу қизиқ

image

АҚШ Миллий аэронавтика ва коинотни тадқиқ этиш бошқармаси (NASA) астронавтлари Суни Уильямс ва Бутч Уильмор очиқ коинотга чиқиш миссиясини муваффақиятли якунлади. Уларнинг коинотда бўлиш вақти тахминан олти соат давом этди ва шу орқали Суни Уильямс аёл астронавтлар орасида рекорд ўрнатди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълумотларга кўра, миссия давомида астронавтлар станцияда антеннани демонтаж қилиш, Destiny лаборатория модулидан ва Quest ҳаво камераси юзасидан таҳлил учун намуна олиш каби муҳим вазифаларни бажарган. Бу Уильямс учун тўққизинчи, Уильмор учун эса бешинчи марта коинотга чиқиш бўлган. Умуман олганда, ушбу Халқаро космик станция (ХКС) йиғиш, хизмат кўрсатиш ва модернизация бўйича амалга оширилган 274-чи очиқ космосга чиқиш бўлган.

Мазкур миссия давомида Суни Уильямс аёллар орасида очиқ коинотда бўлиш муддати бўйича янги рекорд ўрнатган ва NASA'нинг собиқ астронавти Пегги Уитсоннинг натижасини ортда қолдирган. Эндиликда Уильямснинг умумий очиқ космосда бўлиш вақти 62 соат 6 дақиқани ташкил қилади, бу эса уни NASA тарихида тўртинчи ўринга олиб чиқади.

Уильмор ва Уильямс 2024 йил 5 июнь куни Boeing компанияси томонидан учирилган Starliner кемасида ХКСга етиб борган. Бу Boeing’нинг ХКСга амалга оширган илк пилотли миссияси ҳисобланади.

Дастлаб астронавтларнинг 2024 йил 18 июнь куни Ерга қайтиши режалаштирилган эди, бироқ Starliner бортидаги бир неча манёвр двигателларининг ишдан чиқиши туфайли миссия кечиктирилди. Аввалига 2024 йил 26 июнга кўчирилган қайтиш муддати кейин номаълум муддатга сурилди. NASA охир-оқибат Уильямс ва Уильмор жорий йил баҳорида SpaceX компаниясининг Crew-9 миссияси таркибида Ерга қайтишини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA ўзининг Parker Solar Probe космик аппарати ёрдамида Қуёшга энг яқин учишни амалга оширган эди. Probe 2024 йил 24 декабрь куни Қуёш юзасига 6,1 миллион километр масофада яқинлашган. Аппарат Қуёшнинг ташқи атмосферасига, яъни “корона” деб аталадиган ҳудудга кириб, 692 км/соат тезликда учган.


Мақола муаллифи

Теглар

NASA астронавт Суни Уильямс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг