Сўнгги ярим йилликдаги нақд пул айланмаси ҳажми очиқланди
Жамият
−
12 Июль 2021
4028Жорий йилнинг январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 231,9 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 231,9 триллион сўмни ташкил этган. Бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга кўп. Банклар кассаларига нақд пул тушумлари 115,4 триллион сўмни, чиқимлар эса 116,5 триллион сўмни ташкил қилади.
Хабарга кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида банк карталарига 126,9 триллион сўмлик маблағ келиб тушган. Ушбу даврда банк карталаридаги 42,1 триллион сўмлик (33,2 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларига кўра, банк кассалари, шунингдек, банкоматлардан ечиб олинган нақд пуллар 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35,6 триллион сўмга ошган. Ушбу ўсиш кузатилиши банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажми 15,8 триллион сўмга ошгани ҳамда чет эл валютасини сотиб олиш ҳажми 11,3 триллион сўмга ошиши ҳисобига юзага келган.
Маълумот ўрнида, банк кассаларига нақд пул тушумлари ҳажми ва нақд пулга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага қўшимча нақд пуллар чиқариб борилган, шунингдек, айрим даврларда муомаладаги ортиқча нақд пулларнинг қайтиши кузатилган.
LiveБарчаси