Сўнгги танлов АҚШ ихтиёрида – Эрон
Олам
−
09 Июль 9310 5 дақиқа
Бугунги кунда Эрон АҚШнинг эҳтимолий музокараларга қайтиш истаги борасида баъзи хабарларни олмоқда. Бироқ Теҳрон қандай қилиб янги мулоқотга ишонч билдириши мумкинлиги савол остида. Лекин сўнгги танловни амалга ошириш АҚШнинг ихтиёрида. АҚШ дипломатияни ёки ўзига алоқаси бўлмаган уруш гирдобида қолишни танлаши керак. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг “Financial Times” газетасида эълон қилинган мақоласида сўз боради.
Ароқчининг ёзишича, фақат тўққиз ҳафта ичида ўтказилган бешта учрашув давомида у ва АҚШ Президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Эроннинг “Байден бошчилигидаги муваффақиятсиз жамоа билан тўрт йил давом этган ядро музокараларида эришилган ютуқлардан кўра кўпроқ ютуқларга” эришилган.
“Биз тарихий ютуққа эришиш арафасида эдик.Асосий келишмовчилик – АҚШнинг Эроннинг тинчлик мақсадидаги ядровий дастури келажакда бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкинлигидан хавотир билдираётгани, жумладан, Эроннинг уранни бойитиш режалари юзасидан аниқ ва чуқур музокаралар ўтказилди. Ҳар икки томон ва уммонлик воситачилар томонидан таклиф қилинган бир нечта “ўзаро манфаатли” ечимлар муҳокама қилинди.
Худди шу даражадаги муҳимлик билан, санкцияларнинг тўлиқ ва қатъий бекор қилиниши ҳамда АҚШнинг кенг қамровли иқтисодий ҳамкорликдаги иштироки устида тўхталдик – бу қарийб бир триллион долларлик имконият яратиши мумкин эди. Эрон ўз иқтисодиётини ҳаракатлантира оладиган, шу билан бирга Президент Трампнинг АҚШнинг таназзулга юз тутган саноатларини, шу жумладан, атом энергия соҳасини тиклашга доир устувор мақсадларини амалга ошириши мумкин бўлган ўзаро фойдали ҳамкорликка тайёр эди.
Вазият, айниқса, мунтазам хабар алмашинувларидан сўнг, ижобий йўналишда ривожланаётган эди. Бироқ, жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган олтинчи учрашувга атиги 48 соат қолганида, Исроил режими ҳеч қандай сабабсиз мамлакатимизга ҳужум қилди. Халқаро назорат остидаги ядровий иншоотлардан ташқари, аҳоли яшаш ҳудудлари, шифохоналар, муҳим энергетика инфратузилмалари ва ҳатто қамоқхоналар бомбардимон қилинди. Қўрқоқларча қилинган бир қатор суиқасдлар, жумладан, университет профессорлари уларнинг рафиқалари ҳамда болалари билан биргаликда ваҳшийларча ўлдирилди. Бу ёвуз тажовуз дипломатияга оғир хиёнат бўлди. Музокаралар тезлашаётган бир пайтда уруш бошланиши Исроилнинг муаммони тинч йўл билан ҳал этишга эмас, балки урушни афзал кўришини очиқ-ойдин кўрсатди”, дейилади мақолада.
Шунингдек, Ароқчи Исроил яна бир бор ёлғон даъво билан, гўёки Эронда ядро қуроли яратишни тўхтатиш учун ҳаво ҳужумлари уюштирилганини иддао қилганини ёзган. Унинг билдиришича, ҳақиқат бошқача: Эрон Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг (NPT) асосчиларидан бири сифатида ядровий дастурини ҳар доим БМТ назорати остида тинч йўналишда олиб борган.
“Эрон, ҳар қандай ўз иззатини яхши биладиган миллат каби, тажовузга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Исроил режими уни тўхтатиш учун Президент Трампга ёлворишга мажбур бўлди.
Эрон энди икки ҳисса эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилаётгани барчага аниқ-равшан бўлиши керак. Шу пайтгача урушдан қочиш йўлида кўрсатган масъулиятли ёндашувимиз ҳеч қачон заифлик сифатида талқин қилинмаслиги лозим. Биз юртимизни келажакдаги ҳар қандай ҳужумдан бутун кучимиз билан ҳимоя қиламиз. Агар ўша кун келса, Эрон ҳақиқий кучини намоён этади ва бу халқимиз қудрати борасидаги ҳар қандай ўй-хаёлларни йўққа чиқаради”, дейилади мақолада.
Ароқчининг қайд этишича, Эрон ва АҚШ ўртасидаги беш давра музокаралар натижасида эришилган ютуқларни йўққа чиқариш Эрон томонидан эмас, балки АҚШнинг “иттифоқчиси” томонидан амалга оширилди.
“Бундан ташқари, АҚШга турли босимлар натижасида, унинг халқаро ҳуқуқ ва NPT мажбуриятларини бузган ҳолда назорат остидаги ядровий иншоотларни бомбардимон қилиши ўзи ҳам етарлича изоҳдир.
Бугунги кунда Эрон АҚШнинг эҳтимолий музокараларга қайтиш истаги борасида баъзи хабарларни олмоқда. Шу ўринда табиий савол туғилади: биз қандай қилиб янги мулоқотга ишонч билдиришимиз мумкин? Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Эрон АҚШ ҳамда яна бешта давлат билан кенг кўламли ядровий келишув имзолаган эди. Аммо орадан уч йил ҳам ўтмасдан АҚШ бу битимдан бир томонлама чиқди. Шундан кейин, Эрон яхши ният билан янги музокараларни бошлаганида, бунга ядровий қуролга эга иккита армиянинг ҳужуми билан жавоб берилди”, дейилади мақолада.
Ароқчига кўра, Эрон доимо дипломатияга содиқ қолган бўлса-да, АҚШ билан музокараларни давом эттиришга нисбатан жиддий ишончсизлик учун етарлича сабаблар мавжуд. Агар ушбу можаро тинч йўл билан ҳал этилиши исталадиган бўлса, АҚШ ўзининг адолатли келишувга эришишга бўлган чинакам тайёргарлигини кўрсатиши лозим. Вашингтон, шунингдек, ўзининг сўнгги ҳафталардаги ҳаракатлари вазиятни тубдан ўзгартириб юборганини тушуниши керак.
“Президент Трамп илгари сурган “Аввало АҚШ” ваъдаси амалда “Аввало Исроил”га айлантирилди. Америкаликлар бизнинг минтақамизда юз минглаб инсонлар қурбон бўлганини ҳамда ўзларининг минглаб миллиард доллар солиқ маблағлари осмонга учганини, шунингдек, бу жараённинг ҳалокатли эканлигини энди етарлича англаб етмоқда.
АҚШ раҳбарияти якуний қарор қабул қилишда шуни англаб етиши керакки, тинчликка эришишнинг ягона йўли зўравонлик ва босим остида эмас, балки ўзаро ҳурмат асосидаги музокараларни давом этиришдир.
АҚШ дипломатияни танлайдими? Ёки ўзига алоқаси бўлмаган уруш гирдобида қолишни хоҳлайдими? Сўнгги танловни амалга ошириш АҚШнинг ихтиёрида”, дейилади мақолада.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида АҚШ Президенти Дональд Трамп икки йўлдан бирини – Яқин Шарқда тинчликни қўллаб-қувватлаш ёки Исроилга Қўшма Штатларни Эрон билан урушга тортишига имкон бериш – танлаши кераклигини айтганди.
Live
Барчаси