Қозоғистондан кириб келган 99 кишида коронавирус аниқланди

Жамият 10960
image

Ўзбекистонда сўнгги 14 кунда карантинга жойлаштирилган 49 042 кишининг 734 нафарида коронавирус аниқланди. Уларнинг 283 нафари Тошкент вилоятидаги карантин зонасида бўлган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Сўнгги 14 кунни таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган даврда 17 та чартер рейслар билан олиб келинган 4056 нафар, чегара ўтказиш постлари орқали мамлакатимиз ҳудудига кириб келган 11 216 нафар ҳамда мулоқотда бўлганлар билан биргаликда ҳисобланганда жами 20 035 нафаро фуқаролар стационар карантинга олинган”, дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Баҳромжон Игамбердиев. 

Шу даврда мамлакатда 734 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса, шундан 283 нафари Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги Карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасидан тасдиқланган.

Таҳлилларга кўра, хориждан чартер рейслар билан олиб келинганлар орасида энг кўп касалланганлар 14 май куни Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган фуқароларда аниқланиб, 86 нафарни ташкил этган. 

Чегара ўтказиш постлари орқали кириб келганлар орасида энг кўп касалланиш ҳолати эса Қозоғистон Республикасидан “Ғишткўприк” чегара постидан кириб келган фуқаролар орасида аниқланди. Уларнинг сони 99 нафар.

“Эътиборли жиҳати, хориждан чартер рейслари билан олиб келинаётган, чегара ўтказиш постлари орқали юртимиз ҳудудига кириб келаётган, шунингдек, касалланганлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этилган ҳолда карантин муассасаларига жойлаштирилмоқда. Шахсий гигиеник ва бир марталик воситалар билан таъминланиб, мунтазам тиббий кузатувга олинади. Шу ўринда унутмаслик керакки, айни пайтда давлат бюджетидан стационар шароитда тиббий кузатувда бўлган ҳар бир фуқаронинг бир куни учун ўртача 153 минг 700 сўм сарфланмоқда. 14 кунлик карантин кузатуви муддати давомида касаллик аниқланмаган ва карантин муассасасида касалланганлар билан мулоқотда бўлмаган фуқаролар махсус ажратилган транспорт воситаларида ўз манзилларига етказиб қўйилмоқда. Умуман олганда, стационар карантинга олишдан тортиб, карантин муддати тугагач, фуқароларни ўз уйларига етказиб қўйишгача бўлган барча харажатлар давлат бюджетидан тўлиқ қопланмоқда”, дея сўзида давом этди Баҳромжон Игамбердиев.

Маълумот учун, стационар ва уй карантинига олиш тадбирлари бошланган илк кунлардан айни пайтга қадар карантинга олинган жами 394 181 нафар фуқародан 348 292 нафари карантиндан чиқарилган. Шундан, уй карантинига олинган 305 044 нафар фуқародан 280 006 нафари чиқарилган. Стационар карантинга олинган 89 137 нафар фуқародан эса 68 286 нафари чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда мамлакатда коронавирусга чалинганлар 3281 нафарни ташкил қилмоқда. Бугунгача беморларнинг 2636 нафари соғайган ва 13 нафари вафот этган. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 203
Рейтинг: 3
t
×