Сунак Украинада “Shahed” дронларини уриб тушириш учун ишлаб чиқилган мобил илова ҳақида гапирди
Олам
−
21 Июнь 2023
7652Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Лондонда ўтказилаётган Украинани қайта тиклаш бўйича конференцияда нутқ сўзлаб, унда Украинада “Shahed” дронларини кузатиш учун мобил илова ишлаб чиқилгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Сунак 2022 йилнинг ноябрь ойида Киевга ташриф буюрганида Украинадаги технологик ривожланишга гувоҳ бўлгани ҳамда одамлардаги зукколик ва янгиликка интилишни кўрганини эслаган.
“Ўзгартирилган офис блокида мен мамлакат мудофаасини мустаҳкамлашнинг янги усулларини топиш учун биргаликда ишлаётган фуқаролик ва ҳарбий техника мутахассисларини учратдим. Улар Украина бўйлаб одамларнинг телефонларига “Shahed” дронларининг овозини қабул қилиш ва унинг жойлашувини етказиш имконини берадиган дастурни боғлашди. Шунда Украина ҳаво мудофааси уларни кузатиб бориши ва уриб тушириши мумкин бўларди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳукумати Россиянинг Украинага қарши уруши бошланиши олдидан Москвага чекланмаган миқдорда учувчисиз ҳарбий дронлар етказиб берганини тан олганди. Россия бир неча бор мазкур дронлар воситасида Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига ҳужумлар уюштирди.
LiveБарчаси