Сунъий интеллект жосусларнинг ўрнини боса олмайди – MI6 раҳбари
Олам
−
20 Июль 2023
2971Сунъий интеллект жосуслик дунёсини ўзгартиради, аммо разведка ходимларининг ўрнини боса олмайди. Бу фикрни бугун, 19 июль куни Британиянинг MI6 ташқи разведка хизмати раҳбари Ричард Мур мамлакатнинг Прага элчихонасидаги чиқишида билдирди.
"Сунъий интеллект ахборотга эришиш ва ундан фойдаланишни янада қулайроқ қилади. Баъзилар у разведка хизматларини сиқиб чиқараши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Аслида у жосуслик вазифасини тўлиқ бажара олмайди", дейди MI6 раҳбари.
Шу билан бирга, Мур сунъий интеллектни глобал даражада тартибга солиш қоидаларини ишлаб чиқишга чақирган. Унинг таъкидлашича, Буюк Британия бу борада турли давлатлар, жумладан, Хитой билан ҳамкорлик қилишга тайёр, чунки Хитой томонидан бу борада қизиқарли таклифлар берилган.
Хусусан, жорий йилнинг апрель ойида Хитой Халқ Республикасининг Киберкосмос бошқармаси генератив сунъий интеллект хизматларини бошқариш усули тўғрисидаги лойиҳани эълон қилди. Ҳужжатда айтилишича, генератив сунъий интеллект хизматлари терроризм, экстремизм, ксенофобия, зўравонлик, порнография, ёлғон маълумотларни тарғиб қилмаслиги, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий тузумини бузадиган контент яратмаслиги керак.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ричард Мур унинг идораси Хитойни диққат билан кузатаётганига ишора қилганди.
LiveБарчаси