Сунъий интеллект одам бўлмайди – Билл Гейтс
Технология
−
30 Март
5735Миллиардер, филантроп ва Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтснинг фикрича, сунъий интеллект инсон бажара оладиган барча вазифаларни бажара олмайди. Бу ҳақда у Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан ўзаро суҳбатида маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 29 март куни Бош вазир Нарендра Моди ва Билл Гейтс учрашган. Суҳбат бир қатор мавзуларни, жумладан, сунъий интеллектнинг келажаги, рақамли жамоат инфратузилмасининг аҳамияти ва Ҳиндистондаги эмлаш дастурларини қамраб олган.
Гейтснинг сўзларига кўра, ҳозир дунё сунъий интеллект технологиялари билан алоқа қилишнинг дастлабки босқичида. Шунингдек, инсониятга нейрон тармоқлар катта имкониятлар яратаётгандек туюлади, бироқ улар билан боғлиқ ҳолда кўплаб муаммолар юзага келиши мумкин.
“Сунъий интеллект одамларга қийин туюлган вазифаларни бажаради, аммо сиз осон деб ҳисоблаган ишларни уддалай олмайди. СИ жуда катта имконият, деб аталса-да, кашфиётнинг сиз билмаган жуда кўп камчиликлари бор", деган у.
Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект билан боғлиқ муаммолардан бири жиноятчилар нуфузли одамларнинг юзлари ва уларнинг овозлари билан видеоларни сохталаштириш ва шу орқали жамоатчиликка таъсир ўтказишидир. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ушбу таҳдиднинг ечими сунъий интеллект томонидан яратилган контентни мажбурий этикетлаш, деб ҳисоблашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гейтс ўз блогида сунъий интеллект (Артифиcиал Intelligence) ва инновациялар, жумладан, уларнинг келгуси йилда қандай ривожланиши ҳақида ўз фикрларини билдирганди.
Райҳона Улканбаева.
LiveБарчаси