Сулҳ бузилди: Эрон Ҳормуздаги кемага, АҚШ эса Эронга зарба берди

Олам

image

Америка ҳарбийлари Сингапур байроғи остида Ҳормуз бўғози орқали сузиб кетаётган савдо кемасига Теҳрон томонидан уюштирилган ҳужумга жавобан Эронга зарбалар берди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар қилди.

Хабарда айтилишича, зарбалар Эрон ракеталари ва дронлар сақланадиган жойларга, шунингдек, соҳилбўйи радарларига берилган.

“Эрон кучларининг тижорат кемачилигига қарши асоссиз агрессияси ўт очишни тўхтатиш режимини очиқдан-очиқ бузди. Бундан ташқари, Эроннинг хавфли хатти-ҳаракатлари кемачилик эркинлигига путур етказди, ваҳоланки, савдо-сотиқ тобора кўпроқ ушбу ҳаётий муҳим халқаро савдо йўлаги орқали амалга оширилмоқда”, дейилади Америка қўмондонлиги баёнотида.

“Axios” мухбири Барак Равид америкалик мулозимга таяниб, АҚШ Ҳормуз бўғози ҳудудида зарбалар бераётганини хабар қилди.

Кеча, 26 июнь оқшомида АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон Ҳормуз бўғози орқали ўтаётган кемаларга камида тўртта дрон учирганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дронлардан бири “катта ва жуда қиммат юк кемаси”нинг юқори палубасига бориб урилган, кема шикастланган, бироқ ўз йўлида давом этган. 

“Биз яна учта дронни уриб туширдик. Бу ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувимизнинг очиқчасига ва аҳмоқона бузилишидир”, дейди АҚШ Президенти.

Бу АҚШ ва Эрон ўртасида 18 июнь куни 60 кун давомида барча фронтларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва урушни бутунлай тугатиш бўйича музокараларни бошлашни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланганидан кейин Ҳормуз бўғозида кемага қилинган биринчи маълум ҳужум бўлди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг