Судлар фуқароларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди
Жамият
−
20 Март 2020
5611Бугун, 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.
Ҳужжатда мамлакат судларида фуқароларнинг шахсий қабули, сайёр суд мажлислари тўхтатиб турилиши, фуқароларга ҳужжатларни судларга фақат электрон шаклда ёки почта орқали юбориш тавсия этилиши назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ судлар томонидан фақат кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўрилиши белгиланди.
Шунингдек, қарорда барча судлар ишларни техник имконият мавжуд бўлганда видеоконференцалоқа режимида кўрилишини ташкил этиши, суд мажлиси иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг суд биноларига кириши қатъиян ман этилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 33 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor