Судланганликнинг олиб ташлангани тўғрисидаги маълумотни олиш соддалашади
Жамият
−
23 Март 2023
7714Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда судланганлик муддатининг тугалланиши ва уни олиб ташлаш йўналишида бюрократия ва сансалорлик ҳолатларига чек қўйиш, шунингдек, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш мақсадида соҳага проактив шаклдаги давлат хизматларини кўрсатиш тамойиллари жорий этилади. Бу ҳақда бугун, 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда соҳада коррупцион омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорда келтирилган.
Унга кўра, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг “Тезкор маълумотлар” ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади.
Шунингдек, тегишли маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан ўша шахснинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.
Мазкур банд ижросини таъминлаш билан боғлиқ барча зарур чораларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий суд, Бош прокуратура ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар таъминлаши белгиланган.
Бундан ташқари,“Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимида қуйидаги маълумотлар:
Олий суд ва Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали судда ихтиёрий тўланган жарималар, суд қарорларини ижро этишда юзага келадиган масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ материалларнинг кўрилиши ҳақидаги маълумотлар;
Мажбурий ижро бюроси ва Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали ундирилган жарималар ҳақидаги маълумотлар;
“Пробация ҳисоби” электрон базаси билан “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимини ўзаро интеграция қилиш орқали пробация ҳисобидан озод этилган шахслар ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда акс эттирилади.
LiveБарчаси