Судга нисбатан ижтимоий босим пайдо бўляпти – Судьялар олий кенгаши Жўраевлар иши ҳақида
3-саҳифа
−
29 Апрель
49483Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида даъвогар Ботир Қодировнинг Жўраевларга нисбатан “оталик фактини белгилаш”га оид фуқаролик низоси кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёнот берди.
Қайд этилишича, фуқаролик низоси таниқли шахслар ўртасида кечаётгани ҳамда марҳум ва машҳур инсон (Шерали Жўраев) ҳаёти билан боғлиқлиги боис воқеалар ривожи кенг жамоатчилик томонидан катта эътибор билан кузатилаётгани, айни жараёнда иш бўйича тарафларнинг ҳолатига тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин. Судьялар олий кенгаши мазкур низо судлашиш даражасига етиб, процессуал жараёнлар давом этаётган бир пайтда тарафлар (ёки уларнинг вакиллари) томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганини қўшимча қилган.
“Тармоқлардаги муҳокамаларда ҳали якунига етмаган иш бўйича турли башоратларга берилишлар, суддан аввал “қарор чиқариб қўйиш” ҳолатлари мавжуд , энг ёмони, низо судда холис ва беғараз кўрилишига асоссиз шубҳалар ҳам билдирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилаётганига таъкид шарт эмас”, дейилади хабарда.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, иш бўйича тарафларни турли шакл ва кўринишда баёнот беришдан тийилишга, журналист ва блогерларни эса шахсга оид маълумотлар ҳамда суд ишига доир ахборотларни тарқатишдек нозик ва ҳассос масалага масъулият билан ёндашишга чақирган.
Жўраевлар иши
Ботир Қодиров шу йилнинг февраль ойи бошларида онасининг шаъни, ор-номуси ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Мазкур иш 15 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида судья Ўтанбоева томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Бироқ жавобгар (Зоҳиршоҳ Жўраев) вакили иш билан танишиш учун судни бошқа кунга қолдиришни сўраган. Биринчи суд мажлиси 23 апрель куни бўлиб ўтди. Билдирилишича, суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш яна 2 майга қолдирилган.
Даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг 2023 йил 29 сентябрдаги мутахассис фикри илова қилинган. Унда Ҳалимжон Нурматов билан Ботир Шералиевич Қодировнинг амаки-жиян эканлиги бўйича фикр берилган.
Ботир Қодировнинг ўзи Жўраевларни судга берганига Шерали Жўраевнинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон Жўраевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига уни ҳақоратлаб қўйган пости сабаб бўлганини айтди.
Гап шундаки, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг Instagram саҳифасида Ботир Қодировга тегиштириб, ноўрин сўзларни ёзган. Қодировнинг продюсери Асрор Исохўжаевнинг сўзларига кўра, айнан шу пост сабабли қўшиқчи марҳум санъаткор Шерали Жўраев оиласини судга беришга мажбур бўлган.
QALAMPIR.UZ ушбу мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалимжон Нурматов билан боғланди. Буни қарангки, у Ботир Қодиров билан амаки-жиян эканини аниқлаш учун ДНК текшируви ўтказилганини рад этмоқда.
Хонанда Ботир Қодиров QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида барча саволларга жавоб бериб, Шерали Жўраев шубҳасиз унинг отаси экани, хонанда 20 ёшга тўлгунга қадар ота-бола жуда кўп борди-келди қилиб тургани, онасига бўлган тазйиқлар, унда оталик фактини исботловчи барча далиллар борлигини айтди.
Ботир Қодиров билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь