Суданда шифохона дрон ҳужумига учради. 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Олам

image

Судан ғарбида жойлашган Эль-Фашер шаҳридаги шифохонага Тезкор жавоб кучлари (ТЖК) дрони томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида 70 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Суданнинг Дарфур вилояти губернатори Мини Арко Минави маълум қилди.

“Тезкор жавоб кучлари дрони Суданнинг Эль-Фашердаги шифохонаси тез ёрдам бўлимига ҳужум қилди. Улар ичкарида бўлган барча беморларни ўлдирди. Вафот этганлар сони 70 тадан ортиқ”, деди Минави.

Маълумот учун, 2021 йил октябрдаги давлат тўнтаришидан бери Судан генераллар кенгаши томонидан бошқарилади ва 2023 йилдаги ҳокимият учун курашда генерал ва амалдаги Президент Абдул Фаттох ал-Бурхон бошчилигидаги армия ва Rapid номли ҳарбийлаштирилган гуруҳ ўртасида можаро келиб чиқди. Улар фуқаролик бошқарувига ўтиш таклифи бўйича келиша олмади. 2023 йил 15 апрелдан бери Суданда Муҳаммад Ҳамдан Дагло қўмондонлигидаги Тезкор жавоб кучлари (ТРК) билан мунтазам армиянинг ўртасида қаттиқ жанглар давом этмоқда. Халқаро Қизил Хоч Жамияти мамлакатдаги давом этаётган жанглар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳалокатли коллапси ва касалликлар тарқалишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Судан урушининг дастлабки 14 ойида Хартумда 61 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Лондондаги Гигиена ва тропик тиббиёт мактабининг Судан тадқиқот гуруҳи билан ўтказган кузатувларига кўра, 26 мингга яқин одам зўравонлик оқибатида ҳалок бўлган ва бу айни пайтда БМТ томонидан қўлланаётган кўрсаткичдан кўп. Суданда ўлимнинг энг кенг тарқалган сабаблари – очлик ва касалликдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, можаро 11 миллион одамни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилган ва дунёдаги энг даҳшатли очарчиликка сабаб бўлган, деярли 25 миллион киши, яъни Судан аҳолисининг ярми ёрдамга муҳтож.


Мақола муаллифи

Теглар

Судан дрон ҳужуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг