Суданда ҳокимият учун жанглар бошланди
Олам
−
18 Сентябрь 2023
4906Судан пойтахти Хартумда армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида шиддатли жанглар қайта бошланди. Бу ҳақда кеча, 17 сентябрь куни гувоҳларга таяниб, DPA ахборот агентлиги хабар берди.
Айтилишича, Хартум ҳамда унга яқин Баҳри ва Омдурман шаҳарларида оғир артиллерия ва ҳарбий самолётлар иштирокидаги жанглар 16 сентябрь куни эрталабдан бери давом этмоқда. Судан армияси Хартум марказидаги армия штаб-квартирасига RSF ҳужумини қайтарганини ва унинг ўнлаб жангариларини ўлдирганини айтган. RSF эса ҳали ҳам йўқотишлар ҳақида изоҳ бермаган.
“Пойтахтдаги жанглар оқибатида бир қанча бинолар, жумладан, нефть компаниясининг 18 қаватли минораси ёниб кетди. Тинч аҳолининг янги қурбонлари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Хартум маркази эвакуация қилинган, бироқ унинг атрофидаги турар-жойларда ҳам жанглар кетмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, де-факто давлат раҳбари Абдулфаттоҳ Ал-Бурхон бошчилигидаги Судан армияси ва ҳарбийлаштирилган Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасидаги жанглар 15 апрелдан бери давом этмоқда. Ҳеч бир томон ҳалигача устунликка эришиб, ҳокимиятни тўлиқ қўлга кирита олмади.