Судан армияси БАА элчисининг қароргоҳига ҳужум қилди

Олам

image

Суданда расмий ҳокимият ва “Тезкор ҳаракат кучлари” ҳарбий гуруҳи ўртасидаги фуқаролар уруши мамлакат чегараларидан ташқарига ҳам тарқалмоқда. Хусусан, Судан армияси Бирлашган Араб Амирликлари элчисининг Хартумдаги қароргоҳига ҳужум қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, БАА Ташқи ишлар вазирлиги 30 сентябрь куни Судан ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти БАА элчиси қароргоҳига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берган ва ҳужумни қоралаб, бинога жиддий зарар етказилганини маълум қилган.

“Судан армияси қўрқоқларча бу ҳаракат учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олиши керак”, дейилади БАА Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Шунингдек, Абу-Даби дипломатик бинолар дахлсизлигининг асосий тамойили қўпол равишда бузилган иш юзасидан Араб Лигаси, Африка Иттифоқи ва БМТга шикоят киритишга ваъда берган.

Қайд этилишича, Судан армияси бу айбловларни рад этиб, дипломатик миссиялар қароргоҳига ҳеч қандай зарба берилмаганини маълум қилган ва фақат “Тезкор ҳаракат кучлари” бўлган ҳудудларга ҳужум қилинаётганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Судандаги вазият 2023 йил баҳорида кескинлашган. Бунга Судан Қуролли кучлари Бош қўмондони Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ва “Тезкор ҳаракат кучлари” раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагло ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлган. Натижада Мероэ шаҳри ва мамлакат пойтахти Хартумдаги ҳарбий база яқинида армия ва махсус кучлар ўртасида тўқнашувлар бошланган.

Улар ўртасидаги 17 ойлик қарама-қаршилик давомида 10 миллиондан ортиқ суданлик қочқинга айланган ва 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

БАА Судан Хартум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made