Судьялар қанчалик адолат билан иш кўрмоқда? Ёдгоров жавоб берди

Интервью

image

Дунё давлатларида қонун устуворлиги аввало ўша мамлакатда судларнинг мустақиллиги ва адолати билан белгиланади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда судлар мустақиллиги ва эркинлиги кун тартибида бўлиб турибди. Бу борада қонунларга ўзгартириш киритилиб, Президент қарорлари қабул қилинди. Аммо ҳамон суднинг адолати ва мустақиллигига шубҳа билан қаровчи фуқаролар оз эмас.

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда одамларнинг судлардан рози бўлиши, судьяларнинг адолати ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, Ёдгоров тизимда қандай ўзгаришлар қилиш кераклигига ҳам тўхталиб ўтган.

– Халқ судьяларга ишониши керак, деб кўп айтилади. Ҳозирги кунда одамлар суд ва судьяларга қанчалик ишоняпти? Судьялар қанчалик адолат билан иш кўряпти?

Халқ судьяларга қанчалик ишонаётганини сўровнома ўтказиб, аниқ жавоб айтганим маьқул. Лекин 2020 йилнинг ўзида 730 дан зиёд шахснинг судда оқлангани суднинг адолатли ишлаётганидан дарак беради. Суддан ҳамма рози бўлмайди. Чунки ҳаммани рози қилишнинг имкони йўқ.

Сабаби ҳамма ишда икки томон, яьни судланувчи ва жабрланувчилар бўлади. Ҳар иккисини рози қилишга эришиш мушкул. Айбланувчига қонуний жазо қўллаш керак. Жабрланувчининг ҳуқуқи поймол бўлиши мумкин эмас.

Фуқаролик ишида даъвогар ва жавобгар бўлади. Биз жавобгарни рози қилайлик десак, даъвогарнининг ҳаққига хиёнат қилиб қўямиз. Шу сабабли суддан қанчалик рози, деб айтилётганда, шу омилларга ҳам эьтибор бериш мухим.

Бугунги кунда судларимизда кўрилаётган ишлар сони, қарорларимизни қонунийлиги даражасидан баҳо берадиган бўлсак, кўп муаммолар ечим топяпти.

Хаётда турли воқеаларга гувоҳ бўламиз. Мерос талашиб, ака-ука бир-бирига жароҳат етказиб қўяди. Икки ака-укага отадан мерос қолса, қонунчиликда у тенг бўлинади. Шунчаки, бундай вазиятда жигарлар бир-бирининг ҳуқини тан олиши керак. Кўп ҳолларда улар қонунни билмагани ортидан бегона одамларга айланиб қолади.

– Янги лавозимга тайинланганингизга ҳам 6 ойдан ошди. Айтингчи, судларнинг ишончли бўлиши учун тизимда нималарни ўзгартириш керак?

Энг асосийси, одамларни ҳуқуқий билим даражасини ошириш устида ишлашимиз керак. Биз оддий гаплар билан одамларга ўз ҳуқуқларини тушунтириб беришимиз зарур. Ҳуқуқини билган одам бировнинг ҳуқуқларини бузмайди ва ўз ҳуқуқининг поймол бўлишига ҳам йўл қўймайди. Шу сабабли кенг омманинг ҳуқуқий билмини оширишга ҳаракат қилишимиз зарур. Қонунни билмаслик айбдорни жазодан озод қилмайди.

Тизимнинг очиқлиги, шаффофлигини етарлича таъминлай олганимиз йўқ. Одамлар кимлар судья бўлиши, қай тартибда сайланиши ҳақида билиши керак. Судьяларни танлаш ва сайлаш жараёнларини очиқ-ойдин кўрсатишимиз керак. Бу борада қилинган ишлар ҳам бор, лекин қиладиган ишларимиз ҳам олдинда турибди.


Мақола муаллифи

Теглар

Суд Судьялар Ёдгоров судлар мустақиллиги

Баҳолаганлар

99

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг