Сергелидаги портлаш айбдорлари жазоланди
3-саҳифа
−
11 Октябрь
43332023 йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган омборхонада даҳшатли портлаш юз берган эди.
Портлаш оқибатида 15 000 кв метр ҳудуд ёниб кетган, аҳоли уйларига зарар етган. 1 киши ҳалок бўлган, 163 киши турли даражада жароҳат олган. Шундан сўнг воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилганди. Қўзғатилган жиноят иши доирасида эса 4 кишига “қамоққа олиш”, яна бир нафарига “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилганди.
Бугун, 11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судида айнан мана шу жиноят иши кўриб чиқилди. Унда Сергелида юз берган кучли портлаш бўйича айбдор деб топилган фуқароларга суд ҳукми ўқилди.
Унга кўра, С.Ф., А.Ф., Б.С. ва Н.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбдор деб топилди. Уларнинг икки йил раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги юклатилган вазифаларда ишлаши тақиқланди ва уларга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазо манзил-колонияда ўталиши белгиланди ва жазо муддати 2023 йил 29 сентябрдан бошлаб ҳисобланиши айтилди. Судланувчиларга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилди.
Шунингдек, портлашда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига ҳамда кўплаб автомашиналарга зарар етган. Хўш, мазкур зарар ким томонидан қопланади?
Фуқаровий даъвогарлар ва жиноят ишида жабрланувчилар деб эътироф этилган “С.С.” МЧЖ, “А-О” МЧЖ, “А.С.” МЧЖларнинг судга киритган даъво аризалари қаноатлантирилди.
Суд ҳужжатида жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарларга судланувчи С.Ф., А.Ф., Б.С., Н.К.,А.А., ва фуқаровий жавобгарлар “Interlogistics” МЧЖ ҚК, “Polychem” МЧЖ солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
Аниқлик киритилишича, портлашдан кўрилган умумий зарар миқдори 282 млрд сўмни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош бошқармаси, Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси зиммасига жиноят ишидан ҳатланган автотранспорт воситаларни жарима автомашиналарни сақлаш майдонларига киритиш юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси зиммасига жиноят иши давомида ҳатланган кўчмас мулк, автотранспорт воситаларининг баҳолаш ишлари юклатилди.
Ҳукм ижроси Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси, МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар давлат хизматлари маркази,Тошкент шаҳар ИИБ, ЙХХБ зиммасига юклатилди.
Ҳукм устидан апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида ҳукм чиқарган суд орқали Тошкент шаҳар судига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса, кассация тартибида берилиши мумкинлиги билдирилди.
Марям Чориева
LiveБарчаси
2024 йил сўзи сифатида “брат” танлади.
02 Ноябрь