Суд Трампнинг мигрантларни чиқариб юбориш режасини рад этди
Олам
−
17 Май
4222АҚШнинг Бостон шаҳридаги суд Президент Дональд Трамп маъмуриятининг мигрантларни Ливияга ва Сальвадор давлатларига чиқариб юбориш режасини рад этди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, суд бу режани хавфли деб топган ва агар нотўғри қарор қабул қилинса, мигрантлар учун қайтариб бўлмайдиган зарар бўлиши мумкинлигини айтган.
Трамп қабул қилган дастурга кўра, АҚШдан чиқариладиган мигрантлар, шу жумладан ҳозирда АҚШ қамоқхоналарида сақланаётганлар ҳам, хавфсизлиги таъминланмаган давлатларга – масалан, Ливияга юборилиши режалаштирилган эди.
Суд вакилларининг таъкидлашича, Ливияга юбориш катта хавотирларни уйғотади, чунки у ерда ҳозирда тартибсизликлар, зўравонлик ва беқарорлик кучли. Бундай шароитда одамларни у ерга депортация қилиш инсон ҳуқуқлари нуқтайи назаридан хавфли ва ножоиз деб баҳоланмоқда.
Ечим сифатида АҚШ ҳукумати “ихтиёрий ўзини-депортация қилиш” дастурини йўлга қўйганди. Бу дастурнинг моҳияти шуки – АҚШда ноқонуний яшаётган мигрантлар ўз хоҳишлари билан ватанларига қайтса, уларга минг доллар пул берилади.
АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг айтишича, бу усул одатдаги депортациядан анча арзон. Чунки битта мигрантни ҳибсга олиб, сақлаб туриш ва мажбурий равишда чиқариб юбориш АҚШга ўртача 17 минг долларга тушади.
Маълумот учун, Трамп 2024 йилги сайлов кампаниясида АҚШдаги ноқонуний мигрантларга қарши курашишни асосий ваъдаларидан бири деб эълон қилган эди. У биринчи йил ичида 1 миллион мигрантни чиқариб юборишни режалаштирганди. Аммо мутахассислар бу режани ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблашмоқда, чунки бу жуда катта маблағ, кўп ходим талаб қилади ва кўпчилик мигрантлар ўз ҳуқуқларини судда ҳимоя қилишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ички хавфсизлик департаменти мамлакат фуқаролигини қўлга киритиш имконини берувчи “Очлик ўйинлари ” фильмига ўхшаш реалити-шоу лойиҳасини кўриб чиқаётган эди. Лойиҳадан асосий мақсад “умид уйғотиш ва АҚШ фуқароси бўлиш нимани англатишини кўрсатиш”.
LiveБарчаси