Суд Трампга Таълим вазирлигини ёпишга рухсат берди

Олам

image

АҚШ Олий суди Дональд Трамп маъмуриятининг Таълим вазирлигини тугатиш борасидаги ҳаракатларига қўйилган тақиқни бекор қилди.  Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Бунгача Массачусетс штати федерал судьяси Трамп маъмуриятига вазирликни ёпиш бўйича кейинги қадамларни қўйишни тақиқлаганди. Бироқ энди Олий суд бу тақиқни рад этди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу қарор Трамп маъмуриятига Таълим вазирлигидаги оммавий ишдан бўшатишларни давом эттириш имконини беради. Бу ишдан бўшатишлар оқибатида вазирлик штати деярли ярмига камайган.

Таълим вазири Линда Макмахон ушбу қарорни шарҳлар экан, идора ходимлари сони қисқартирилишини ва “таълимни штатлар ихтиёрига қайтариш йўлидаги иш давом эттирилишини” айтган.

“Бугун Олий суд яна бир бор шуни тасдиқладики: АҚШ Президенти ижро ҳокимиятининг раҳбари сифатида федерал идораларнинг штат таркиби, ташкилий тузилмаси ва кундалик фаолияти юзасидан қарорлар қабул қилишда энг юқори ваколатларга эга”, деди Макмахон.

Шунингдек, у бу қарорни “ғалаба” деб атаб, Олий суднинг бунга аралашишга мажбур бўлгани “ачинарли” экани, чунки бу Трампга уни Президентликка сайлаган америкаликлар олдидаги ваъдаларини бажаришга имкон берувчи ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилганини айтган.

Бироқ АҚШ Миллий ота-оналар иттифоқи раҳбари Кери Родригес Олий суд қарорини кескин танқид қилган.

“Олий суд сиёсатни Конституциядан устун қўйди ва натижада миллионлаб америкалик талабаларнинг келажагини хавф остига қўйди. Бу қарор Президент Трампнинг ҳеч қандай Конгресс розилигисиз АҚШ Таълим вазирлигини бекор қилишга уринаётган шармандали ва ноқонуний ҳаракатларига йўл очади”, дейди Родригес.

Нашрга кўра, Олий суд қарори Трампнинг федерал ҳукуматни ислоҳ қилиш йўлидаги навбатдаги, гарчи вақтинчалик бўлса-да, ютуғи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Оқ уй Трампнинг Таълим вазирлигини ёпиш ҳақидаги фармонини имзолашга тайёрлаётганини эълон қилган эди. Ўша пайтда вазирлик штати деярли икки баробар қисқарган, ва грантлар ҳамда контрактларни бекор қилиш устида иш олиб бораётган эди.

Оқ уй баёнотида эса бу фармон “ота-оналар, штатлар ва жамоаларга ўқувчилар учун шароитларни яхшилаш ва таълимни бошқаришни ўз қўлларига олиш имконини беради”, дейилганди.

Шунингдек, Трамп ўзининг 2024 йилги сайловолди кампанияси давридаёқ Таълим вазирлигини ёпишга чақирган, уни ортиқча бюрократия деб атаган эди. Унинг фикрича, бу вазирликнинг функцияларини штат даражасидаги департаментлар ҳам бажара олади.

Бироқ 2025 йил май ойида Массачусетс федерал суди Трамп маъмуриятига Таълим вазирлигининг 1300 дан ортиқ ходимини лавозимига қайтариш мажбуриятини юклаган эди. Судда айтилишича, бу қисқартиришлар оқибатида ирқ ва ногиронлик белгиларига кўра камситилишга қарши курашувчи 12 та бошқарманинг 7 таси ёпилган.

Шунга қарамай, Трамп маъмурияти суд қарорини дарҳол апелляция қилиш ниятида эканини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Таълим вазирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг