Трамп Таълим вазирлигини тугатиш тўғрисида фармон чиқаради 

Олам

image

Бугун, 20 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Таълим вазирлигини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолайди. Бу ҳақда Оқ уйга таяниб, “The Washington Post” хабар берди.

Фармонга кўра, вазирлик раҳбари Линда Макмахон Таълим вазирлигини ёпишга кўмаклашиш ва таълим соҳасидаги ваколатларни штатларга қайтариш бўйича барча зарур чораларни кўриши шарт бўлади.

Шунингдек, нашрга кўра, Таълим вазирлигини ёпиш ёки унинг функцияларини бошқа ташкилотларга ўтказиш бўйича Конгресс розилигисиз ҳаракат қилиш Президент маъмурияти учун ҳуқуқий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

АҚШ Миллий таълим ассоциацияси президенти Бекки Прингл “The Wall Street Journal” нашрига берган изоҳида, вазирликни ёпиш ҳақидаги фармон ўқувчиларга зарар етказиши мумкинлигини айтган. Унинг фикрича, бу синф ҳажмини ошириб, касбий тайёргарлик дастурларини қисқартиришга, олий таълимни эса оддий фуқаролар учун қиммат ва камроқ қулай бўлишига олиб келиши мумкин.

Маълумот учун, АҚШ Таълим вазирлиги 1979 йилда президент Жимми Картер фармони билан ташкил этилган. Идоранинг асосий вазифалари талабалар кредитларини ажратиш, грантларни бошқариш, давлат чартер мактабларини молиялаштириш, университетларни аккредитация қилиш тизимини назорат этиш, талабаларнинг таълим натижалари тўғрисида маълумот тўплаш ва бошқаларни ўз ичига олади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Таълим вазирлиги Президент Дональд Трампнинг идорани тугатиш таклифи фонида ходимларнинг деярли 50 фоизини қисқартиришини эълон қилган эди. 

Трамп Таълим вазирлигини ёпиш режалари ҳақида сайловолди кампанияси чоғидаёқ маълум қилган, сайланганидан кейин эса бу ниятини тасдиқлаган эди. У, хусусан, идорани “катта фирибгарлик” деб атаган, шунингдек, АҚШ гўёки таълим даражаси бўйича дунёда 40-ўринда туришини, бироқ бир ўқувчига энг кўп пул сарфлашини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Таълим вазирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг