Суд тизимида адолат тантана қилган, десак хато бўлади – Олий суд раисининг янги ўринбосари
Жамият
−
19 Ноябрь 2022
8373Одамлар судлардан рози, бу тизимда адолат тантана қилган, деб мақтансак хато бўлади. Бу танқидлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига беш йил муддатга сайланган Шуҳрат Полвоновга тегишли.
Олий судда юқори лавозимни эгаллаганига ҳали бир неча соат бўлган Полвоновдан бугунги суд тизими ва ундаги камчиликлар ҳақида сўрадик. Ўтган олти йилда Президент бошчилигида суд-ҳуқуқ соҳасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилганини айтиб гап бошлаган Полвонов, судларда аввалгига қараганда ўзгариш борлигини айтиб, камчиликларни ҳам санамай ўтмади.
“Суд тизимида аввалгига қараганда ўзгариш бор. Буни аввалги суд тизими билан солиштирсак ҳам яққол кўришимиз мумкин. Лекин, тизимнинг ўзига яраша камчиликлари йўқ эмас. Фуқароларимиз судлардан рози, тизимда адолат тантана қилган, деб мақтансак хато бўлади. Депутатлик фаолиятимда фуқаролар билан бевосита учрашиб, ижтимоий тармоқларни кузатганман. Муаммолардан етарли даражада хабардорлигим бор. Иқтисодиётда тадбиркорларнинг ўрни катта. Тадбиркорлар, фуқаролар ўртасида юзага келадиган иқтисодий низоларнинг тўғри ҳал этилиши иқтисодиёт ривожланишининг кўрсаткичларидан бири, десак ҳам тўғри бўлади.
Суд тизимидаги камчиликларни санайдиган бўлсак, энг катта камчиликлардан бири бу – фуқаролар иқтисодий судга борса, иш фуқаролик судга тегишли экани, унисига борса, бунисининг иши эканлигини айтишдир. Шундай камчиликларни бартараф қилиш учун қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда, қабул қилинса, “ягона дарча” тизими ташкил қилинади. Бунда фуқаро ишини иқтисодий судга берсаю, лекин, иш фуқаролик судига алоқадор бўлса, судларнинг ўзи маълумотларни алмашиб олади. Бу – фуқароларни ортиқча овора бўлмасликларига хизмат қилади. Менимча, бу агар иш берса, ижобий ечим, деб айтишимиз мумкин", дейди Шуҳрат Полвонов.
Полвоновга кўра, шу йилнинг ўзида ўндан ортиқ судьяларнинг ваколати муддатидан олдин тугатилган. Жазолаш механизми борлиги яхши, аммо судьяларни жазолаш билангина одамларни одил судловга бўлган ишончини орттиришнинг иложи йўқ.
“Одамларда суднинг қарорларига, иш сифатига нисбатан норозиликлар бор. Лекин, булар тузатиш мумкин бўлган камчиликлар, деб ҳисоблайман. Бу ҳолатда асосий эътиборни судьянинг малакасини оширишга қаратиш керак. 2022 йилнинг ўзида Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ўндан ортиқ судьяларнинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Бир нечта судьяларнинг ишлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. Бу – жазолаш механизмининг борлигининг исботи.
Судьяни жазолаш билан одамларни одил судловга бўлган ишончини орттиролмаймиз. Судьянинг тажрибасини ошириш, одамларга адолатни тақдим этишимиз учун муҳим омил бўлади. Мақсадимиз, биринчи навбатда, фуқароларни рози қиладиган суд тизимига эришиш”, дейди ҳали лавозимга киришмаган Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов.
Маълумот учун, Шуҳрат Тоғаймуродович Полвонов 1977 йил 11 декабрда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган. 2002 йилда эса Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 44 ёшли адвокат “Адолат” Социал-демократик партиясининг аъзоси ҳисобланади.
У 2015–2020 йиллар давомида Нуробод сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси аъзоси сифатида фаолият юритган.
Қайд этиш жоиз, 2017 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Исоқовнинг ваколат муддати шу йилнинг октябрь ойида тугаган эди. Шундан сўнг собиқ Олий суд раиси ўринбосари Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси лавозимига тайинланган.
LiveБарчаси