“Straus House” иши: жабрланувчилар Мустақиллик майдонига тўпланди
Таҳлил
−
25 Февраль 2020
14835Ўтган йили куз фаслида “Straus House” жиноят иши катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. 2019 йил 25 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “Straus House” МЧЖ таъсисчиси И.Исроилов ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг фирибгарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилганди. Бугун, 25 февраль куни ушбу муаммо юзасидан бир гуруҳ фуқаролар пойтахтнинг Мустақиллик майдонига йиғилди. Улар ИИВ тергови аллақачон тугалланган бўлса-да, маблағлари шу вақтгача қайтарилмаётганидан норози эди.
Жабрланганлар нима дейди?
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи фуқаро Ўрозбек Ҳайдаровга кўра, уларга тегишли ташкилотлар томонидан ундирилган маблағлари қайтарилиши масаласи нима бўлаётгани ҳақида тўлиқ маълумот берилмай келмоқда.
“Бизга берилган рақамларга қўнғироқ қилсак, иш ҳозир прокуратурада дейди. Бугун мана судга оширилди дейишмоқда. Аниқ маълумот йўқ. Куздан бери кутяпмиз”, дейди жабрланувчи. Ҳайдаров шунингдек, иш ҳал этилишида давлатдан адолат кутиб қолиши, пойтахтга келиб-кетиш ҳаражатлари уларга қимматга тушаётгани, аввалроқ телевизорда берилган рекламаларга ишонгани, лекин фирибгарлар қўлига тушиб қолгани ва ундирилган пуллари тезроқ қайтарилишидан умидвор эканини айтди.
“Биз ишонувчан халқмиз. Ўзи ёлғон гапирмаган одам бошқалар ҳам ёлғон гапирмаса керак деб ўйлар экан. Тадбиркорлик ва бошқа соҳаларга енгиллик бўляпти. Банкка борганимизда кредит ҳам ажратилди. Биримизни икки қиламиз деб ўйлагандик. Фирибгарларнинг қўлига тушдик. Ўзимизда ҳам айб бор. Олти ой кутдик лекин сабрнинг ҳам чегараси бор-ку”, деб пуллари тезроқ қайтарилишини исташини билдирди.
Бухоро вилояти Олот туманидан келган Шоира Қораеванинг айтишича, у туяқушлар сотиб олиш учун Халқ банкининг тегишли бўлимидан 30 миллион сўм миқдорида кредит олган. Унинг устига фарзанди касаллиги боис қиммат дорилар истеъмол қилиши шарт. Беморнинг дориси Германия давлатидан келтирилади. Шу сабабли ҳозирда оила пулга муҳтож.
“Уйимда ногиронлиги бўлган фарзандим бор. Боламнинг ичадиган дориси бу ерда йўқ. Германиядан олиб келтирамиз. Банкка фоиз тўлаяпмиз. Банк кутиб турмайди. Қарзини талаб қилмоқда”, дея ҳозирги кунда қийин аҳволда қолганини тушунтирди.
Наманган вилоятидан келган фуқаро Шаҳзода Дадахўжаева эса оиласи билан мазкур лойиҳага ишониб анчайин зарарга киргани, юқори мансабдор шахслар уларнинг масаласига жиддий эътибор қаратиб, ижобий ҳал этилишида ташаббус кўрсатишларини кутиб қолишини айтди.
“Телевизорларда ушбу масалада яхшигина рекламалар кетганига ишонгандик. Уйимиздаги сутини ичиб турган молимизни сотиб, туяқуш жўжасини сотиб олиб, боқмоқчи эдик. Муаммони Президентга етказинглар, илтимос. Ўзлари қандай ҳал қилишни биладилар. Тошкентга бир неча марта келдик. Бугун ҳам қуруқ қўл билан кетмайлик”, дейди Дадахўжаева.
ИИВ Тергов департаменти аллақачон тергов ишини тамомлаган
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи Иномжон Исматов жиноят иши бўйича ўз изоҳларини бериб ўтди. 2019 йилнинг декабрь ойида дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судда кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.
“Аҳолининг асосий эътирози етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ ҳисобланади. 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ айбланувчилардан ундирилиб, Тергов департаментининг депозит ҳисоб варағига туширилган. Бундан ташқари, уларнинг 3 миллиарддан ортиқ мол-мулклари ҳам хатланган. Маблағларнинг тақсимланиши ва зарарни тўлиқ қоплаш масалалари тегишли суд томонидан кўриб чиқилади ва уларнинг пули, албатта, қайтарилади”, дейди Иномжон Исматов.
Тергов жараёнида аниқланишича, “Straus House” МЧЖ мансабдор шахслари Республиканинг барча вилоятларида яшовчи жисмоний ва юридик шахсларга Жанубий Африка Республикасидан ҳар бирининг нархи 1.800.000 сўмдан, 90 кун муддат ичида “острич” (қора бўйин) зотли туяқуш жўжаларини етказиб бериш юзасидан олди-сотди шартномаларини расмийлаштирган.
Етказиб берилган туяқуш жўжаларини 12 ойдан сўнг, тирик вазнини 80.000-90.000 сўмдан шартнома асосида қайтариб сотиб олиш ва ушбу жараёнда бепул ветеринарлик хизматини кўрсатиш юзасидан ваъдалар берган. 2019 йилнинг январь-июнь ойлари давомида жами 731 нафар жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар расмийлаштирган.
Шартнома шартларига кўра, жами 16.1 млрд сўм (шу жумладан 3,8 млрд сўм фуқароларнинг кредит маблағлари ҳисобидан) миқдорида тўловларни жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақами орқали қабул қилиб, белгиланган муддатда жами 319 нафар жисмоний ва юридик шахсларга туяқуш жўжаларини етказиб бермасдан, 7.2 млрд сўм пул маблағларини ўзларининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Жиноят иши суд томонидан узоғи билан бир ойда кўрилиши айтилди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Бахтиёр Исломовга кўра, мазкур иш жорий йилнинг 21 февраль куни Тошкент шаҳар суд иши юритувига келиб тушган. У биринчи инстанцияда кўриб чиқилиши учун жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди юритувига ўтказилган.
“Бир қанча фуқаролар мазкур иш бўйича норозилигини билдириб келишди. Биз улар билан учрашув ўтказдик. Мазкур жиноят ишида 300 дан ортиқ фуқаролар жабрланган, 5 нафар судланувчи бор ва иш ҳажми 45 томдан иборат. Бутун диққат шунга қаратилиб, жиноят иши узоғи билан бир ой ичида кўриб чиқилади. Турли жойлардан келганини ҳисобини олиб, уларни ҳам овора қилмай, суд мажлисларига видеоконференцалоқа режими орқали қатнашишлари таъминланади”, дейди Бахтиёр Исломов.
Кредит олган жабрланувчилар тақдири суд тугагунча нима бўлади?
Жабрланганлар орасида банк филиалларидан кредит олиб, туяқуш сотиб олишга пул тўлаган фуқаролар ҳам бор. Банклар ҳам ўз сиёсатини олиб боради. Улар ҳам муддати келган кредитни фоизи билан қайтарилишини талаб қилишлари табиий. Аммо бу ҳолат жабрланганларга қийинчилик туғдирмоқда ва улар пул масаласида қийналмоқда. Ушбу муаммо юзасидан Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири Аъзам Равшанов ва Марказий банк департамент директори Актам Сайфуллаев ўз тушунтиришларини бериб ўтди.
“Мазкур “Straus House” иши бўйича келган 50 га яқин фуқаролар билан гаплашдик. Ҳукуматга қўйиладиган битта масала мавжуд. Фуқароларнинг бир қисми туяқушни Ўзбекистонга олиб киришда “Straus House” МЧЖга банклардан кредит олиб берган. Ҳозиргача унинг фоизларини тўлаб туришибди. Улар суд ҳужжати чиққунча, кредит фоизларини, иложи бўлса, унинг асосий қисмини қайтариш бўйича унинг қайтарилишини тўхтатиб туришни илтимос қилишди. 50 тага яқин кредит олган фуқароларнинг рўйхатини туздик. Уларга ўша вақти банклар томонидан 8 фоизлик энг кам кредит берилган. Ҳозир бу масалани ижобий ҳал қилишни ўйлаяпмиз. Менимча, бу масала тез орада ҳал бўлади”, дейди Аъзам Равшанов.
Шундан сўнг, Марказий банк вакили Актам Сайфуллаев кредит фоизларини “музлатиш” учун бошланган ҳаракатлар ҳақида гапириб ўтди.
“Иш бўйича жабрланган 319 нафар фуқаронинг рўйхатини олдик. Бизда кредиторларнинг базаси мавжуд. Ушбу база орқали уларнинг қанчаси кредит олганини аниқлаймиз. Қонунчилик нуқтаи назаридан тегишли банкларга суд ҳукми чиққунча, жабрланувчиларнинг асосий қарз ва кредит фоизларини қайтаришини кечиктириб туриш бўйича тавсиялар берамиз”, дейди Актам Сайфуллаев.
Саволлар бор!
Юқоридагиларни кўриб бир қанча саволлар пайдо бўлади. Нега масъуллар фуқаролар Тошкентга келгач, ҳаракатга тушиб қолади? Эндиликда шундай муаммоларнинг олдини олиш учун қонунчилик ташаббусига эга Парламентнинг позицияси қандай бўлади? Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банк вакиллари жабрланувчиларга уларнинг кредити масаласида амалий ёрдам кўрсатилади деб айтмоқда. Муаммо ростан ҳам ҳал этиладими? Ҳозирча саволлар очиқ қолмоқда. QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь