“Стоянка”да турган машинани сотиб юборган йигит қамалди
3-саҳифа
−
16 Март 2023
6816Тошкентда 28 ёш йигит уйлар олдида жойлашган автомашиналар тураргоҳида ВАЗ 21-05 русумли транспорт воситаси қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб, уни сотиб юборди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Тошкент шаҳар суди Матбуот хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, йигит машинанинг олд ва орқа томондаги давлат рақами белгиларини шикаст етказган ҳолда ечиб олиб, тураргоҳ ёнида бўлган ариққа ташлаб юборган.
“Автотураргоҳда ўзимга тегишли бўлган, 2010 йилда ишлаб чиқарилган ВАЗ 21-05 русумли транспорт воситасини қолдиргандим. Ушбу автомашинадан бир ярим йилдан буён фойдаланмаганман. Воқеа содир бўлган кундан бир кун олдин эрталаб автотураргоҳнинг олдидан ўтаётганимда машина жойида турганлигини кўргандим. Эртасига у йўқолди. Автотураргоҳ қоровулхонасига бориб сўраганимда, “Бу ерга яқинда келдим, 20 дақиқаларда аниқлаб айтаман”, деганича хабар бўлмади. Сўнг “102” рақамига қўнғироқ қилдим”, дейди ҳозирда автомашинаси ўзига қайтарилган жабрланувчи.
Келтирилишича, судланувчи икки харидор топиб, уларга транспорт воситасининг эгаси вафот этгани боис яроқсиз ҳолатга келган деган ёлғон билан 560 АҚШ доллари эвазига сотиб юборган. Судда судланувчи сўроқ қилинганида ўз айбига тўлиқ иқрор эканини билдирди.
“Ўша куни оилавий жанжал сабаб уйдан чиқиб кетдим. Бир дўстимдан вақтинча яшаб туриш учун жой сўрадим. У ўзининг танишига тегишли бўлган автомашиналар тураргоҳининг қоровулхонасидан жой топиб берди. Қоровулхонага жойлашдим. Автотурагоҳда турган ВАЗ 21-05 русумли машинанинг эгасини суриштирганимда эгаси кимлигини ҳеч ким билмаслигини аниқладим. Шунда бу автомобилни сотиш мақсадида харидор изладим. Эълон бўйича бир киши қўнғироқ қилди. Унга “эски автомашина бор, эгаси вафот этган, жарима майдонидан ўн миллион сўм қарзи бор”, дея автомашинани сотиб олишни таклиф қилдим. Эртаси куни харидор менга нотаниш шахс билан бирга автотураргоҳга келишди. Уларга машинани кўрсатдим, ҳужжатларини сўрашди. Эгаси вафот этгани сабабли ҳужжатлари йўқлиги, шу автотураргоҳда қоровул бўлиб ишлашимни айтдим. Харидорлар 560 АҚШ долларига сотиб олишди ва эвакуаторга автомашинани юклаб олиб кетишди. Орадан бир-неча кун ўтиб, қоровулхонада бўлган вақтимда бир рус миллатига мансуб шахс келиб, ВАЗ 21-05 русумли автомашинанинг эгаси эканини айтиб, автомашина қаерда эканлигини суриштира бошлади. Яқинда иш бошладим дея қоровулхонадан чиқиб кетдим”, дейди автомашина сотувидан топган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатган судланувчи.
Суднинг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисмининг “г” банди ва 227-моддаси (транспорт воситаларининг давлат рақам белгиларига шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
“Судланувчидан манфаатдор тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган давлат рақами қонуний эгасига қайтарилиши белгиланди”, дейилади жиноят ишлари бўйича суд баёнотида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь