Столтенберг НАТО давлатларини Киевга шошилинч ёрдам жўнатишга чақирди
Олам
−
08 Июнь 2023
8923Бугун, 8 июнь куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг НАТО-Украина комиссиясининг йиғилишида альянс давлатларини Каховка ГЭСи тўғонининг бузилиши оқибатида юзага келган экологик офат туфайли Киевга шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда НАТОнинг ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашув якунлари бўйича эълон қилинган ёзма баёнотида айтилди.
Қайд этилича, йиғилишда виртуал тарзда иштирок этган Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба иттифоқчи мамлакатларга Украина жанубидаги Каховка ГЭСи тўғони вайрон қилингани ҳақида маълумот бериб, юзага келган вайронагарчиликларга эътибор қаратган. Бош котиб Столтенберг бу оқибатларни минглаб одамлар учун драматик деб атаган ва НАТО давлатларини зудлик билан инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга чақирган.
"НАТО давлатлари Украина билан тўлиқ бирдам эканликларини билдирди, уларнинг кўпчилиги сув фильтрлари, сув насослари, генераторлар ва бошпана объектлари каби муҳим ёрдам кўрсатмоқда. НАТОнинг Евро-Атлантикадаги офатларга жавоб беришни мувофиқлаштириш маркази Украинага тегишли энг керак нарсаларнинг батафсил рўйхатини тарқатди”, дейилади расмий баёнотда.
Бундан ташқари, Столтенберг Украинага шошилинч ўрта ва узоқ муддатли ҳарбий ёрдам кўрсатиш 15-16 июнь кунлари бўлиб ўтадиган НАТО Мудофаа вазирларининг йиғилиши, Украина бўйича алоқа гуруҳининг Рамштейндаги йиғилиши ва июль ойида Вильнюсда бўладиган альянс давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммитининг асосий мавзуси бўлиб қолишини ваъда қилган.
Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғон портлаши оқибатида вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди. НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди. Кеча, 7 июнь куни эса Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ ва Қизил Хочнинг Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолатга муносабатидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15