Стармер яқин орада Украинага боради – ОАВ
Олам
−
18:37
633Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер яқин ҳафталарда Украинага ташриф буюриб, сулҳ шартлари келишилган тақдирда халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрга кўра, Украина Президенти Владимир Зеленский Германиянинг Рамштейн ҳарбий базасида иттифоқчилар билан учрашувдан сўнг Британия Бош вазирининг ташрифи режалаштирилганини тилга олган, аммо унинг аниқ санасини ошкор қилмаган. Нашрнинг ёзишича, бу Стармернинг Бош вазир лавозимига тайинланганидан кейин Украинага қиладиган илк ташрифи бўлади.
Маълумот учун, олдинроқ Стармер Франция Президенти Эммануэль Макрон билан Чекерсдаги қароргоҳида музокаралар ўтказган. Стармер офисига кўра, томонлар Украинага “мустаҳкам қўллаб-қувватлаш”ни тасдиқлаб, 2025 йилда Киевнинг кучли позициясини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган. “Bloomberg” хабарига кўра, лидерлар Украинада қўшма тинчликпарвар кучларни жойлаштириш имкониятини ҳам муҳокама қилган. Бу ташаббус Киев ва Москва ўртасида тинчлик келишуви тузилишига боғлиқ бўлиб қолади, бироқ нашрнинг қайд этишича, Владимир Путин ҳозирча музокараларга тайёр эканини кўрсатмаяпти.
Германиянинг Рамштейн шаҳридаги Украина бўйича 25-йиғилишда Зеленский хорижий тинчликпарвар кучларни Украинага жойлаштириш “Россияни тинчликка мажбур қилиш учун энг самарали воситалардан бири” бўлиши мумкинлигини айтган.
“Буни амалга ошириш учун амалий ёндашишимиз керак. Буюк Британиядан бу ташаббусни қўллаб-қувватлашни тасдиқловчи сигналларни олдик”, деди Зеленский.
Шунингдек, у Франциянинг Украина ҳудудида ҳамкор давлатларнинг ҳарбий кучларини жойлаштириш таклифи ҳақида эслатиб, бундай чоралар тинчликка эришишни тезлаштиришини таъкидлаган.
“Reuters” нашрига кўра, Европа давлатлари жанговар ҳаракатлар тўхтатилса ёки музлатилса, Украинага тинчликпарвар миссияни юбориш имкониятини фаол муҳокама қилмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу миссиянинг минимал сони тахминан 40 минг ҳарбийни ташкил қилиши мумкин. Бу контингентнинг асосини Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Польша ҳарбий бўлинмалари ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлогг Киевга олдиндан режалаштирилган фактларни аниқлаш сафарини кейинроққа қолдирганди.