ССВ коронавирус тести бўйича маълумотларни очиқлади. Улар ишончлими?
Жамият
−
23 Июнь 2020
8259Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги илк бор мамлакатда коронавирус тестини топшириш бўйича статистик маълумотларни очиқлади. Қайд этилишича, кечанинг ўзида 16 897 та, эпид мавсум давомида эса 1 055472 та тест синови ўтказилган. Урғуланишича, бу бепул ўтказилган тестлар билан боғлиқ рақамлар.
“Ҳозирги кунда шифохоналардаги беморлар, уй ва стационар карантинда тиббий кузатувда бўлган барча фуқаролар тиббий кўрсатмага мувофиқ, мунтазам лаборатор текширувлардан ўтказиб келинмоқда”, дейилади ССВ хабарида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги вирусологик лабораторияларда Covid-19 инфекциясига бепул таҳлилдан ўтиш имконияти яратилган.
“Мамлакатида коронавирус инфекциясини эрта аниқлаш кўламини кенгайтириш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, қатор ташкилот ва фуқароларнинг бу ҳақдаги мурожаатларини эътиборга олиб, жорий йил 24 июндан бошлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда фуқаролар учун ушбу инфекцияга таҳлил топширишда ихтиёрий, пуллик асосда нодавлат тиббиёт ташкилотлари хизматларидан ҳам фойдаланиш имконияти яратилди.
Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказлари билан тегишли тартибдаги шартномани имзолаган ҳамда лабораторияси талабга жавоб бериши тўғрисидаги хулосани олган барча нодавлат тиббиёт ташкилотлари коронавирус инфекциясини фақат полимер занжирли реакция (ПЗР) усулида текширишлари мумкин”, дейилади расмий ахборотда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқуловнинг таъкидлашича, ўз лабораториясида коронавирус инфекциясини занжирли полимер реакция усулида, пуллик асосда текширишни ташкил этмоқчи бўлган нодавлат тиббиёт ташкилоти, аввало, бу борада белгиланган барча санитария-эпидемиология талабларига риоя қилиши лозим. Текширувда қўлланиладиган тест-синама (диагностикум)лар ҳудудий санитария осойишталиги марказлари билан келишилади. Коронавирус инфекциясини лаборатор шароитида аниқлаш нархини нодавлат тиббиёт ташкилоти мустақил белгилайди.
Лаборатор таҳлил учун намуна (суртмалар) нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўзида, шу билан биргаликда, сўровга кўра, мурожаат қилувчининг ташкилотида, фуқароларнинг яшаш манзилида ҳамда махсус автотранспортларда олинишига рухсат берилди.
Шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилоти ҳудудий санитария осойишталиги марказларига кунлик умумий маълумотларни ҳамда коронавирус инфекциясига ижобий натижа берган суртмаларни етказиб беради.
Коронавирус инфекциясини полимер занжирли реакция усулида пуллик текширишларни ташкил этишни хоҳловчи нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларига шартнома тузиш учун мурожаат қилишлари мумкин.
Қайд этилишича, ўз навбатида вазирлик Covid-19 га таҳлилни ўтказиш бўйича шартнома имзолаган нодавлат тиббиёт ташкилотлари тўғрисида қўшимча маълумот беради.
Вазиятни бевосита кузатувчиси сифатида QALAMPIR.UZ шуни маълум қиладики, бундан 5 кун аввал таҳририят ходими коронавирус тестини топширган эди. 23.06.2020 йил соат 13:30 ҳолатига кўра ҳамон тест натижалари маълум қилингани йўқ. Айни вақтда ходим шифокорлар назоратига олинмаган. Шу боис таҳририят ССВнинг юқоридаги маълумотларига ишончсизлик билан қарайди.
LiveБарчаси