ССВ коронавирус бўйича аҳолига огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
12 Декабрь 2020
23029Дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавируснинг учинчи тўлқини бошланди. Аҳвол яна март ойидагидек ривожланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида аҳвол барқарорлашган бўлса ҳам ҳали коронавирусдан тўлиқ қутулдик дейишга эрта. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантириш билан чиқди. Унда шундай дейилади:
“Коронавирус пандемияси бутун дунё фавқулодда вазиятларга тайёр туриши кераклигини кўрсатиб қўйди. Шунинг учун ҳам, иқтисодий ва тиббий имкониятларидан қатъи назар барча давлатларга бирдек таъсир қилган коронавирус пандемиясидан ҳар ким тегишли хулосасини чиқарди.
Мамлакатимизда ҳам Президентимиз ва ҳукуматнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, миллий тиббиёт тизимини бирламчи бўғинидан бошлаб ислоҳ этилмоқда. Бу ислоҳотлар тез вақтларда ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиз. Мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-табдирлар ушбу инфекцияни жиловлашда аҳамиятли бўлмоқда.
Пандемиянинг юқори чўққисида юртимизда эҳтиёт чораси сифатида жами 159 та муассасада 25200 шифо ўрни, шу жумладан, 2500 реанимацион ўрин ташкил этилди. Шунингдек, қўшимча равишда 58 та йирик бино-иншоотларни мослаштириш орқали яна 15 минг, шундан 1225 реанимация ўринлари ташкил этилди.
Дунёда инфекция тарқалиши ҳануз хавфли даражада турган бўлса-да, Ўзбекистонда касаллик нисбатан жиловланди, дея оламиз. Сўнгги ойлар мобайнида юртимизда инфекция тарқалишининг бироз барқарорлашиши сабабли коронавирусга мослаштирилган 159 та муассасадан 107 таси ўз йўналиши бўйича одатий фаолиятини бошлаб юборди, 23 таси эса консервация қилинди.
Аммо бу "энди бизда коронавирус хавфи йўқ", дейишга асос бўлмайди. Айни пайтда юртимиздаги COVID-19 шифохоналарида касалликни айрим симптомлари мавжуд бўлиб, гумон қилинган, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлардан ташқари 2 минг нафардан ортиқ коронавирусдан даволанаётганларни ҳам унутмаслигимиз керак.
Коронавирусга қарши кураш тадбирлари катта молиявий таъминот талаб қилиши ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, пандемия даврида тиббиёт муассасаларига 55 дона рентген, 2 минг дона функционал кроват, 1 минг 450 та СИПАП, 3 минг 300 та кислород концентратор ва бошқа жиҳозлар, шунингдек, бюджет ҳисобидан замонавий ИВЛ, кардиомонитор ва ПЗР аппаратлари ўз вақтида етказиб берилди.
Шунингдек, Зангиота туманидаги 4000 ўринли кўп тармоқли махсус иккита шифохонанинг, Юқори Чирчиқ туманидаги 20 минг ўринли коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган замонавий мажмуанинг қисқа фурсатларда қуриб фойдаланишга топширилгани катта воқеа бўлди.
Давлат томонидан берилаётган бундай эътиборга жавобан, ҳар бир фуқаро ўз соғлиги учун шахсан жавобгарликни ҳис қилиши, пандемия тартиб-қоидаларига риоя этишни кундалик одатга айлантириши лозим.
Аммо ҳозирда коронавирус хавфи чекингани важидан кўчаларда ниқобсиз, санитария-эпидемиология талабларига риоя қилмай юрган фуқаролар кўп учрамоқда.
Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемиянинг мамлакатимизда яна авж олмаслиги, энг аввало, ўзимизга боғлиқ эканини эслатиб ўтади. Шу сабабдан ҳам барчангиздан коронавирус хавфининг олдини олишда шахсий жавобгарлик ҳис қилишингизни, тиббий ниқоблардан санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланишни бир зум ҳам унутмаслигингизни сўраб қолади”.
Ўзбекистонда 11 декабрь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар 74 811 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 72 084 нафари ёки 97фоизи соғайган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар 2115 кишини ташкил этмоқда. Улардан 180 нафари оғир, 34 нафари эса ўта оғир аҳволда.