Исроилнинг Ливанга зарбасида журналистлар ҳалок бўлди
Олам
−
25 Октябрь
1873Исроилнинг Ливан жануби-шарқидаги мухбирлар яшайдиган бинога қилинган навбатдаги ҳаво ҳужумида уч журналист ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Бугун, 25 октябрь куни Исроилнинг Ливан жанубидаги Ҳасбайяда оммавий ахборот воситалари вакиллари фойдаланадиган меҳмонхонага ҳаво ҳужуми амалга оширилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида уч журналист ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг хабар беришича, зарба тўғридан тўғри журналистлар жойлашган махсус уйларга қаратилган. Ҳалок бўлганлар орасида оператор Гассан Нажжар, “Аl-Mayadeen” ахборот агентлигининг ходими Муҳаммад Реда, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” билан боғлиқ “Аl-Manar” телеканалида ишлаган оператор Виссам Кассем ҳам бор.
“Бу олдиндан режалаштирилган қотиллик бўлиб, ундан олдин кузатув олиб борилган, чунки у ерда етти оммавий ахборот воситаси вакили, 18 журналист бор эди. Бу уруш жинояти”, деган Республика ахборот вазири вазифасини бажарувчи Зиёд Макарий.
Шунингдек, у ўлдирилган журналистлар сўнгги ойларда можарони ёритгани ва Исроилнинг “жиноятларини фош қилганини” қўшимча қилди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлашда яна уч киши жароҳат олганини билдирди.
Маълумот учун, Исроилнинг Ливандаги олдинги зарбаларида беш мухбир ўлдирилган эди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йили Исроил ушбу ҳудудда уруш бошлаганидан бери Ғазода камида 177 фаластинлик журналист ва ОАВ ходими ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил аскарларининг эксклавга ҳужуми чоғида “Акса” телеканали оператори Айман Муҳаммад Рувейшид ҳалок бўлганди. https://qalampir.uz/news/gazoda-yana-bir-oav-khodimi-ҳалок-булди-108331 Аввалроқ эса Исроил армиясининг Ғазо сектори ғарбида жойлашган Аш-Шати қочқинлар лагеридаги машинага қилинган ҳужуми оқибатида журналист ва оператор ҳалок бўлган эди.
Муҳаммад Ҳодиев