Вазир Шерматов ўқиган мактаб 40 йил деганда замонавий таъмирдан чиқди (репортаж)
Жамият
−
13 Сентябрь 2020
213592020/2021 ўқув йили аввалидан пойтахт Тошкент шаҳрида 16 та мактаб капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ана шундай мактаблардан бири Олмазор туманида жойлашган 22-умумий ўрта таълим мактаби. QALAMPIR.UZ кеча, 12 сентябрь куни замонавий кўриниш касб этган янги мактабнинг очилиш маросимида иштирок этди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов айнан шу мактабда ўқиган. Маросимда мактабнинг собиқ ўқувчиси Шерматов ҳам қатнашди.
Мактаб биноси 1980 йилда бунёд этилган. Ўтган 40 йил мобайнида у замон талабларига жавоб бермай қолганди. 2007 йилда биринчи маротаба тўлиқ таъмирлаш дастурига тушган, бироқ таъмирлаш ишлари охирига етказилмай, ярим-чала қолиб кетган.
Пандемия бўлишига қарамай, мактаб таъмири тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, пудратчи ташкилотлар уни янги ўқув йилиги ҳозир қилиб, топширдилар.
Ҳозирги кунда мактабда 1227 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 69 нафар педагог-ўқитувлар таълим-тарбия бериб келмоқда. Мактабда 44 та синф хонаси бўлиб, бундан 10 таси махсус хона ҳисобланади. Бу синф хоналари кимё, биология, физика фанларини ўтишга мўлжалланган
Мактаб очилишида иштирок этган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов таълим муассасасининг янги биноси билан танишди.
“Икки аввал кўрган бўлсангиз, мактаб биноси жуда қўрқинчли эди. Ўшанда Тошкент шаҳрида шундай бино борлигини кўриб, ҳайрон қолгандим. Вилоятлардаги аҳволни бундан оғир дейиш мумкиндир, аммо Тошкент шаҳрида шундай бино борлигини кўриб, қўрқиб кетгандим”, дейди Шерматов.
Вазирга кўра, айни вақтда пойтахт Тошкентда 67 та мактабда капитал таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Айнан пойтахтдаги 301 та мактабдан бино жиҳатидан талабга жавоб берадиган 81 мактаб кунига 3 сменада ўқувчиларни қабул қилган. Ота-оналар фарзандларини ўша мактабга беришга ҳаракат қилган. 77 та мактаб эса авариявий ҳолатда қолиб кетаверган. Уларнинг айримлари 1200 нафар ўқувчи қабул қилишга мўлжалланган бўлса ҳам нобоп шароит сабаб ўқувчилар сони 600 нафарга тушиб қолган. Эскириб қолган мактабларнинг биноларини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш орқали оғир аҳволга тушиб қолган мактабларнинг мавқеи тикланади ва ўз-ўзидан узоқ мактабларга бориб ўқиётган болалар ўз ҳудудидаги замонавий мактабга қайтади. Бу орқали 3 сменада босим билан ишлаётган мактабда ҳам, янги таъмирдан чиққан мактабда ҳам натижалар кўзга кўрина бошлайди.
Бугунгача Ўзбекистондаги мактаблар таъмирланиши билан боғлиқ масалаларни мактаб ишларига бош-қош бўлган Халқ таълими вазирлиги эмас, балки маҳаллий ҳокимиятлар, молия бўлимлари ҳал қилиб қилиб келган. Икки ўртада дастур асосида юқори идоралардан ажратилган маблағлар мактабларга етиб келгунча, “калла” қилинган. Оқибатда мактабдаги камоматга жавоб бериш, пудратчи ташкилотнинг кам-кўстини ямаб ўтириш, гўё капитал таъмирланган мактабнинг ҳали томини, ҳали полини, ҳал сув қувурларини таъмирлатиш мактаб раҳбарияти гарданида қолиб кетаверган. Пулларни талон-тарож қилиш ортидан қанчадан қанча мактабларнинг иситиш тизими ҳамон талаб даражасида ишламайди. Энди эса мактабларни таъмирлатиш бўйича буюртмачи функцияси Халқ таълими вазирлигига ўтди. Тўғри-да, уйни қандай таъмирлашни ўша хонадоннинг эгасидан бошқа яна ким билиши мумкин?! Худди шу маънода таълим муассасаси таъмирини ҳам маъориф ходимларига қўйиб берган маъқул деган қарорга келинди.
“Бу йил мактаб таъмирланиши синов бўлди. Мактабларни таъмирлаш буюртмачи функцияси биринчи марта Халқ таълими вазирлигига ўтди. Шу вақтга қадар бу функция ҳокимият қошидаги инжиниринг компанияда бўлар эди. Шаҳар ҳокими мактабларни ўзингиз назорат қилинглар деган масалани ўртага қўйдилар. Ҳаммамиз келишиб, бир тўхтамга келдик ва тажриба тариқасида мактаблар таъмирига буюртмачи бўлдик. ХТВ ҳузуридаги инжиниринг компания буюртмаси асосида таъмирланаётган мактаблар яхши натижа бермоқда, сифат жиҳатидан ҳам, кўриниш жиҳатидан ҳам натижа ёмон эмас. Биз буни тўлиқ ўрганиб олиб бошқа ҳудудларда ҳам қўллашимиз мумкин. Ҳали ҳам жойларда анча муаммоларимиз бор”, дея таъкидлади Шерматов.
Таъкидланишича, бу мактаб 1260 ўқувчига мўлжалланган. СССР даврида унда деярли 3 минг бола ўқиган. Икки йил олдинги текширув натижаларига кўра, мактабда 600-700 нафар бола ўқиши ва мактаб тўлиқ қувватда ишламаётгани маълум бўлган.
Халқ таълими вазирининг фикрича, эски бўлсада, бақувват мактабларни таъмирлаш анча қулай. Мактабни янгидан қуриш мумкин, лекин пул кўп сарфланади. Тайёр мактабларни камроқ пул сарфлаб, янги қурилган мактабнинг сифатидан кам бўлмайдиган тарзда таъмирлаш мумкин.
Замонавий кўриниш касб этган 22-мактабга видеосаёҳатни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 14 сентябрдан бошлаб Ўзбекистондаги 10 мингга яқин мактаблар ҳам онлайн, ҳам анъанавий режимда ўз фаолиятини бошлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь