Депутат қонунни билмаса, бу мени айбим эмас – Шерматов Ғаниевнинг айбловларига жавоб қайтарди
Интервью
−
12 Сентябрь 2020
26476Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев мамлакатда мактабларни очиш борасида сўнгги қарор маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан берилаётгани борасида Халқ таълими вазирига нисбатан эътирозлар билан чиқди. У ўз чиқишида маҳаллий кенгашларнинг раиси ҳокимлар экани, ҳокимлар эса юқоридаги келаётган буйруқларни бажараётгани, Халқ таълими вазирлиги эса мактабларни очишда жавобгарликни ўз бўйнидан соқит қилаётганини айтади.
QALAAMPIR.UZ бугун, 12 сентябрь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан учрашиб, депутат Дониёр Ғаниевнинг фикрларига нисбатан муносабати билан қизиқди. Вазир шундай дейди:
“Депутатлар қонунни билмаса, бу мени айбим эмас. Бу ваколатни уларга мен бермайман. Мен Халқ таълими вазириман. Жорий йилнинг 28 август куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда давлатимиз раҳбари маҳаллий кенгашларга шу ваколатни берганлар. Фикр билдирган депутатимизнинг бу селектор ўтганидан ёки қонунчиликдан хабари бўлмаса, бу менинг айбим эмас.
Депутатлар ҳам ҳар хил, турли жойлардан келади, сайланади. Кимдир иш қилишга, яна кимдир популизм билан шуғулланишга ҳаракат қилади. Агар у шундай фикр билдирган бўлса, бу менинг айбим эмас. Мен ҳеч кимни алдаётганим йўқ.
Сизга яхши маълумки, қонунчиликда учта ҳокимият бор. Булар – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд. Буни ҳаммамиз мактабда ўқиганмиз. Билмадим... Майли, бировни ёмонламай. Қонун чиқарувчи орган қонун чиқариши керак. Республикадаги қонун чиқарувчи орган – бу Олий Мажлис. Яъни профессионал қуйи палатага эга – бу депутатларимиз. Агар кимгадир қайсидир ваколат етмаса, унинг қонунчилик ташаббуси ваколатидан келиб чиқиб, қонунда ўзгартириш қилишга юз фоиз ҳаққи бор”.
Шерматов депутатлар ижтимоий тармоқда қонунчиликни билмасдан туриб фикр билдирмаслиги кераклигини айтаркан, маҳаллий кенгашларга бу ваколатни Президент берганини, бу вазир даражасидаги топшириқ эмаслигини яна бир бор урғулайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 7 сентябрь куни 329 та мактаб очилди. Қолган мактаблар эса 14 сентябрдан очилиши кутиляпти. Шу куни онлайн-дарслар ҳам эфирга узатилиши бошланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь