Спорт соҳасида Қозоғистон билан ҳамкорлик янада кучаяди
Жамият
−
06 Апрель 2019
4182Кеча 5 апрель куни Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Қозоғистон маданият ва спорт ишлари вазири Аристанбек Мухамедули ва Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархан Сатибалди қабул қилинди.
Халқаро бахшичилик санъати фестивалида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Аристанбек Мухамедули бошчилигидаги делегация аъзолари Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев билан учрашди.
Унда томонлар ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, энг нуфузли мусобақаларга спортчиларни тайёрлаш, йирик спорт тадбирларини ўтказиш каби йўналишлардаги алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди. Дўстона руҳда, самимий ўтган тадбирда вазирлар томонларнинг мазкур йўналишлардаги ютуқ ва муаммолари ҳақида суҳбатлашиб, ўзаро тажриба алмашди.
Хусусан, Дилмурод Набиев Президент Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, айниқса қишки спорт турлари бўйича Қозоғистоннинг илғор тажрибаларини ўрганиш режалаштирилаётганини ҳам маълум қилди.
Ўз навбатида Қозоғистон маданият ва спорт ишлари вазири Аристанбек Мухамедули ҳам икки давлат ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини, яқинда қуриб фойдаланишга топширилган “Humo Arena” муз саройи ҳам қишки спорт турлари ривожи йўлида қўйилган дадил қадам бўлганини таъкидлади ҳамда бундан буён ҳамкорликда йирик мусобақаларни ўтказиш орқали минтақада спорт туризмини янада ривожлантиришни таклиф этди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинлари, мусобақалар ҳамда икки давлат фуқаролари иштирокида йирик спорт тадбирларини мунтазам ташкил этишга келишиб олди.
LiveБарчаси