SpaceX геомагнит бўрони натижасида 40 та сунъий йўлдошини йўқотди 

Технология

image

АҚШнинг SpaceX хусусий аэрокосмик компанияси жорий йилнинг 3 февраль куни орбитага чиқарилган 49 та Starlink интернет сунъий йўлдошидан тахминан 40 тасини геомагнит бўрони натижасида йўқотди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилган. 

“Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатдики, паст баландликда қаршилик кучайиши сунъий йўлдошларга хавфсиз режимдан чиқиб, орбитани тўғрилашни бошлашга имкон бермади, 40 га яқин сунъий йўлдош Ер атмосферасига қайтади ёки аллақачон қайтган”, дейилади компания баёнотида. 

Компаниянинг таъкидлашича, бўрон туфайли ҳаво қаршилиги аввалги учирилишларга қараганда 50 фоизга кучлироқ бўлган. Мутахассислар қаршиликни камайтириш учун мини-сунъий йўлдошларни хавфсиз режимга ўтказишга қарор қилган, аммо бу чоралар ёрдам бермаган. 

Компания маълумотларига кўра, орбитасидан чиқарилган қурилмалар бошқа сунъий йўлдошлар учун хавф туғдирмайди ва улар Ер атмосферасига кирганда ёниб кетишга мўлжалланган. 

49 та Starlink интернет сунъий йўлдошининг учирилиши Falcon 9 оғир ракета ташувчиси ёрдамида 3 февраль куни АҚШнинг Шарқий қирғоғи вақти билан соат 13:13 да Флорида штатидаги Канаверал бурни космодромидаги 39А учириш мажмуасидан амалга оширилган. 

SpaceX орбитал гуруҳи ҳар бирининг оғирлиги 290 килограмм бўлган икки мингдан ортиқ космик кемадан иборат. Ҳозирда компания дунёдаги энг йирик сунъий йўлдош оператори ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

SpaceX

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг