SpaceХ коинотга махфий ҳарбий дрон учирди
Олам
−
29 Декабрь 2023
5552Америкалик миллиардер Илон Маскнинг SpaceX компанияси Falcon Heavy ракетаси ёрдамида АҚШ Қуролли Кучларининг Х-37B экспериментал учувчисиз космик самолётини коинотга юборди. Бу ҳақда компания ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилди.
“Falcon Heavy 39A Launch Complex’дан USSF-52 миссиясини орбитага олиб чиқди”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, бу 2010 йилдан бери X-37B космик самолёти учун еттинчи синов парвози бўлди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги USSF-52 миссияси Х-37B синовлари билан боғлиқлиги ҳақидаги маълумотларни эълон қилган. Дастлаб учириш 7 декабрга режалаштирилган эди, бироқ об-ҳаво ёмонлиги сабабли парвоз санаси бир неча бор ортга сурилди.
"Синовлар янги орбитал режимларда қайта фойдаланиш мумкин бўлган космик самолётни бошқариш, келажакдаги космик домендан хабардорлик технологиялари билан тажриба ўтказиш ва NASA томонидан тақдим этилган материалларга радиация таъсирини ўрганишни ўз ичига олади", дейилади Пентагон баёнотида.
Маълумот учун, X-37B ҳарбий самолёти Boeing ва Lockheyed Martin аэрокосмик компаниялари томонидан АҚШ ҳаво кучлари учун махсус ишлаб чиқилган. Қурилма 2011 йилда ишлаб чиқарилиши тўхтатилган, кичрайтирилган, қайта фойдаланиш мумкин бўлган космик кемага ўхшайди. Унинг узунлиги тахминан 9 метр, қанотлари кенглиги 4,5 метр, массаси эса беш тоннага яқин. Аппарат бортида 900 килограммгача юкни таший олади.