“Sözcü” телеканали раҳбари ҳибсга олинди
Олам
−
15:47 532 2 дақиқа
Туркияда “Sözcü” медиа гуруҳи фаолияти юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида полиция операция ўтказди. Операция давомида директорлар кенгаши раиси Фунда Тунжер Сидали ҳамда яна тўрт нафар шахс ҳибсга олинди. Медиа гуруҳ билан боғлиқ “Mega Ajans” компаниясига вақтинчалик ташқи бошқарувчи тайинланди. Бу ҳақда “Haberler” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 17 ноябрь куни эрталаб полиция ходимлари суд қарори асосида “Sözcü” телеканали биносида тинтув ўтказган. Ҳодиса жойида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Телеканал ва газета шарҳловчиси Исмоил Саймаз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида полиция ходимлари бино ичига кириб, тинтув ишларини олиб бораётганини маълум қилган. Унинг ёзишича, операция давомида директорлар кенгаши раиси Фунда Тунжер Сидали ҳибсга олинган ва телеканал фаолияти устидан ташқи бошқарув ўрнатилган.
Прокуратура маълумотига кўра, Бурак Акбайга нисбатан ФЕТО ташкилоти билан алоқадорлик ҳамда терроризмни молиялаштириш айбловлари илгари сурилган. Шу муносабат билан Омонатларни суғурталаш жамғармаси (TMSF) “Mega Ajans” компаниясига вақтинчалик бошқарувчи этиб тайинланган.
Мухолифат операцияни танқид қилди
Маълумотларга кўра, операция Туркиядаги мухолифат вакилларининг кескин эътирозига сабаб бўлган. Хусусан, сиёсатчи Ўзгур Ўзел ижтимоий тармоқдаги саҳифасида полиция аввал “Halk TV”, энди эса “Sözcü TV” телеканали биноси олдида пайдо бўлганини танқид қилган.
Унинг таъкидлашича, ҳокимият энди ҳатто энг кичик танқидга ва ҳақиқатнинг очиқ айтилишига ҳам тоқат қила олмаяпти.
“Улар бурчакка қисилиб, ботқоққа ботган. Шунинг учун ўзларига тегишли бўлмаган ҳамма нарсани ва ўзлари билан бирга бўлмаганларни ҳам йўқ қилишга уринишмоқда”, деган Ўзел.
Сиёсатчи мухолифат бундай вазиятда сукут сақламаслиги, қўрқмаслиги ва таслим бўлмаслигини билдирган.
“Сиз бу халқнинг овози эшитилишига ҳеч қачон тўсқинлик қила олмайсиз. Биз йўл топамиз. Агар диктаторларнинг бу аянчли баҳоналарига таслим бўлсак ва халқни уларнинг ихтиёрига топширсак, ўзлигимиздан айрилайлик”, дея қўшимча қилган у.
Live
Барчаси