Германиялик футболчи жамоадошини ўлдирганликда гумонланмоқда

Спорт

image

Германиянинг “Роккенберг” клубида ўйнаган 35 ёшли Мариус Ветц жамоадоши Филипп Лейбигни заҳарлаб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда “The Sun” нашри хабар берди.

Ҳодиса 2025 йил июнь ойида “Роккенберг” жамоасининг Дрезденга сафари вақтида содир бўлган. 30 ёшли Филипп Лейбиг сафар давомида ўзини ёмон ҳис қилган ва уйга қайтгач, унинг аҳволи кескин ёмонлашган. У 2025 йил 16 июнь куни шифохонада вафот этган. Кейинчалик футболчининг ўлими заҳарланиш оқибатида юзага келган сепсис ва кўп аъзолар етишмовчилиги билан боғлиқ экани аниқланган.

Дастлаб терговчилар футболчининг жамоа сафари вақтида истеъмол қилган балиқдан заҳарланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бироқ кейинчалик гумонлар Мариус Ветцга нисбатан кучайган. У жорий йилнинг 1 сентябрь куни, тўйига икки ҳафта қолганида ҳибсга олинган.

Бош прокурор Томас Хаубергернинг билдиришича, терговчилар жиноят мотиви қасос бўлган деб ҳисобламоқда. Айрим Германия оммавий ахборот воситаларида икки футболчи ўртасида бир аёл туфайли аввалдан низо бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалган, аммо бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Гумонланувчи ҳозирча ҳибсда қолмоқда ва унга қўйилган айбловлар юзасидан изоҳ бермаган. Тергов давом этмоқда.

Маълумот учун, “Роккенберг” – Германиянинг Гессен федерал штатида жойлашган Роккенберг коммунасининг тарихий ҳаваскор спорт ва футбол клуби. 1912 йилда универсал спорт жамияти сифатида ташкил этилган ушбу клубнинг футбол бўлими 1922 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Анъанавий яшил-оқ рангларни ҳимоя қилувчи “Роккенберг” жамоаси Германия футбол лигалари тизимининг ҳаваскорлар даражасидаги “Kreisliga A (Friedberg)” мусобақасида иштирок этади ва ўз уй ўйинларини маҳаллий спорт майдонида ўтказади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг