Соқолга қарши тадбир бошландими? ИИВ тармоқда тарқалган аудиога изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда “Соқол” тадбири ҳақида гап борган аудио тарқалди. Наманган шаҳри ички ишлар бўлими тезкор штаб раҳбарига тегишли экани айтилаётган аудиода соқолли фуқароларни аниқлаш ва уларнинг соқоли қирилгандан кейинги ва аввалги суратини олиш бўйича топшириқ берилган.

Аудиода гапирган одам ҳар бир бўлим 20 тадан соқолли фуқарони келтириб, расмга олиши, суратлар олдига унинг шахсий маълумотларини киритган ҳолда топшириши кераклиги айтилади.

Аудиода “Соқол” тадбирини Ички ишлар вазирлигидан келган “меҳмонлар” назорат қилиши ҳам алоҳида таъкидланган.

“Ҳурматли ходимлар, “Соқол” тадбири бўйича ҳам… тезлаштириб қилиб берайлик. “Горотдел”дан сўраяпти, Ички ишлар вазирлигидан келган меҳмонлар буни назоратга олган.

Ҳар битта “ГОМ”га 20 тадан соқолли [фуқарони] аниқлаб, соқоли билан расмга олиб, кейин соқоли олдирилгани ҳолатини ҳам расмга олиб, олдига маълумотини ёзасизлар: қаерда яшайди, нечанчи йилда туғилган, ким у?

Худди шундай қилиб тезлаштириб қилиб беришимиз керак. Ҳар битта “ГОМ”га 20 тадан [режа] берилган, бизда ҳали биттаям бўлгани йўқ. Кечқурун сўров бўлади, эътироз бўляпти, бўла қолинглар!”, дейди дейди буйруқ берган шахс.

Ҳолатга аниқлик киритиши учун Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғландик. У тизимда бундай амалиёт ўтказилишини инкор қилди.

“Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

[Буйруқ берган] овоз масаласини биз кимга тегишли эканлигини ўрганиб кўрамиз, шунга қараб иш тутамиз”, деди Шоҳрух Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил август ойида Тошкент шаҳридаги “Малика” маиший техника буюмлари бозоридан ўнлаб фуқаролар ИИБ биносига олиб кетилиб, мажбуран соқоллари олинган эди.

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти “Халқаро диний эркинлик” тўғрисидаги 2020 йилги ҳисоботни эълон қилганди. Унда Ўзбекистонда соқол сиёсати бўйича тортишувлар давом этаётгани қайд этилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

соқол

Баҳолаганлар

620

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг