Британияда тожикистонлик фуқаро соқоли сабаб депортациядан қутулди
Олам
−
26 Июнь
17740Буюк Британиядан бошпана сўраган Тожикистон фуқароси ўз ватанида соқолини олишга мажбур бўлиши сабабли мамлакатдан депортация қилинмаслик ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.
Британия Муҳожирлар суди ушбу эркакнинг даъвосини кўриб чиқиб, у халқаро миқёсдаги ҳимояга ҳақли бўлиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарган. Бу қарор Британия Ички ишлар вазирлигининг уни депортация қилишга уринишини тўхтатган.
Нашрнинг ёзишича, Тожикистонда соқол расмий тарзда тақиқланмаган бўлса-да, ҳукумат амалдорлари сўнгги ўн йилликда юз минглаб эркакни соқоли учун ҳибсга олган, мажбуран соқоли олдирилган ва бармоқ излари олинган.
Қайд этилишича, аввалига унинг бошпана сўрови рад этилган. Бироқ эркак апелляция берган ва иккинчи босқич судда депортация бўлишдан қутулиб қолган.
“Мен ватанимга қайтсам, соқолимни ўзим истаб эмас, балки бошқа чорам қолмаганидан, қўрқиб олдиришимга тўғри келади. Бу эса ижтимоий босим эмас, балки таъқибдан қўрқув натижаси”, деган судда Тожикистон фуқароси.
Юқори трибунал суди судьяси Парминдер Саини ушбу фуқаро халқаро ҳимояга ҳақли эканини маълум қилган.
Судья, шунингдек, Тожикистондаги қийноқлар, ихтиёрий бўлмаган ҳибслар, соқол учун жазолаш ҳоллари ҳақида судга тақдим этилган далиллар етарлича ҳисобга олинмаганини ҳам танқид қилган.
LiveБарчаси