Ўзбекистонда соқол ва ҳижоб сиёсати бўйича тортишувлар давом этмоқда – АҚШ

Жамият

image

Жорий йилнинг 12 май куни АҚШ Давлат департаменти “Халқаро диний эркинлик” тўғрисидаги 2020 йилги ҳисоботни эълон қилди. Ҳисобот тўғрисида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълумот берди.

Ҳар йили АҚШнинг бутун дунё бўйлаб жойлашган элчихона ва консуллик ходимлари 200 га яқин мамлакатда диний эркинлик бўйича маълумот йиғиб, йиллик ҳисобот устида ишлайди. 

2020 йилги ҳисоботнинг Ўзбекистон учун бағишланган қисмида қуйидагилар қайд этилди:

  • Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилда ўзининг 5 қарори билан 616 маҳкумни, шу жумладан, амалда бўлган “Диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги тўғрисида”ги қонун талабларини бузгани учун қамалган 243 нафар маҳкумни озодликка чиқарди ёки уларга белгиланган жазо муддатларини қисқартирди;
  • баъзи фаоллар ва нодавлат ташкилот вакилларининг таъкидлашича, ҳукумат маҳбусларга нисбатан ёмон муносабатни давом эттирмоқда, шу жумладан жисмоний зўравонлик ва баъзи ҳолларда диний экстремизмда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва қамалган шахсларнинг қамоқ муддатларини узайтиришга интилган;
  • ҳукуматнинг соқол қўйиш ва ҳижоб кийиш сиёсати бўйича тортишувлар давом этмоқда;
  • ҳукумат йил охирига келиб, диний масала сабаб ҳибсда сақланаётган шахслар сонини тақдим қилмади, аммо 38 кишига нисбатан “тақиқланган диний экстремистик гуруҳларга аъзолик ёки тадбирларда” иштирок этганлик учун жиноий ишлар қўзғатилганини ҳамда “тақиқланган диний материаллар контрабандаси билан шуғуллангани” учун 22 та жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида хабар берилди;
  • ОАВ ҳукумат диний мазмундаги баъзи веб-сайтларга, киришни тақиқлаганини хабар қилди;
  • август ойида ҳукумат диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибларини янада соддалаштирди, аммо амалдаги дин тўғрисидаги қонун бўйича гуруҳларнинг рўйхатдан ўтиши қийинлашаётгани айтилмоқда.

Ҳисоботда шунингдек, исломга кирмайдиган диний озчиликларнинг айрим аъзолари дафн маросимларини ўтказишда қийинчиликларга учраётганини айтилмоқда.

Қайд этилишича, йил давомида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ва элчихонанинг бошқа расмийлари юқори даражадаги ҳукумат амалдорлари билан учрашиб, диний эркинлик мавзуси бўйича ўтказилган музокараларда ўз хавотирларини намойиш қилди.

АҚШ элчихонаси ходимлари Ўзбекистон ҳукуматидан дин тўғрисидаги қонун лойиҳасига ўзгартиришлар киритишда халқаро экспертларнинг тавсиялари ҳамда жамоатчилик фикри инобатга олинишини сўрагани ҳам қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг декабрида Ўзбекистон диний эркинлик бўйича вазият “алоҳида хавотирга молик” мамлакатлар рўйхатидан, шунингдек, орадан яна икки йил ўтиб, “махсус кузатув остидаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилган эди. Шундай бўлса-да, 2021 йилнинг апрель ойида АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси Ўзбекистонни “махсус кузатув остидаги давлатлар” рўйхатига қайта киритишни тавсия этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

595

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг