Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ишдан олинди
Жамият
−
04 Январь
36303Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Расул Кушербоев маълум қилди.
"Бугун Бош вазир иштирокидаги мажлисда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов лавозимидан озод этилган. Манбаларнинг билдиришича, Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб Асилбек Худаяров тайинланган. Вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига эса Самарқанд тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев тайинлангани маълум қилинмоқда", деб ёзган Кушербоев.
Маълумот ўрнида, Амрилло Иноятов ушбу лавозимга 2022 йилнинг декабрь ойида тайинланган эди.
У 1979 йилда туғилган. 2001 йил Бухоро давлат тиббиёт институтини, 2005 йилда Тошкент тиббиёт академиясида "Болалар юз-жағ жарроҳлиги" мутахассислиги бўйича аспирантурани тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Бухоро давлат тиббиёт институти илмий-текшириш лабораториясида бошлаган. 2006-2014 йилларда ушбу институтнинг "Хирургик стоматология" кафедраси ассистенти, мазкур кафедра мудири, Стоматология факултети декани вазифаларида ишлаган.
2014-2020 йилларда Тошкент давлат стоматология институти Бухоро филиалининг Стоматология факултети декани, ушбу филиал директори, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори сифатида фаолият кўрсатган.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Амрилло Иноятов 2020 йил июлида Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган.
2020 йил 3 ноябрдан то вазир лавозимига тайинлангунича у соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.