Собиқ вазирнинг хотини ўлдирилиши бўйича тергов якунланди
Олам
−
09 Январь
10891Қозоғистон собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдириши бўйича тергов якунланди. Бу ҳақда Салтанат Нукенова оиласининг адвокати Жанна Ўразбахова маълум қилди.
“Айни дамда биз ушбу иш бўйича ўтказилган барча текширувлар билан танишиб чиқдик. Аммо жиноят иши материалларини ҳали тўлиқ кўрганимиз йўқ. Мен бундай ишларда жуда катта тажрибага эгаман. Мен илгари қотиллик ишларида қатнашганман, лекин ҳатто экспертларнинг хулосаларидан ҳайратда қолдим. Мен ҳеч қачон бундай шафқатсизлик ва совуққонликни кўрмаганман. Айни дамда Салтанатнинг яқинларига ҳурмат юзасидан қотиллик тафсилотларини ошкор эта олмаймиз”, дейди Жанна Уразбахова.
Унинг эслатишича, бу иш бўйича Куандик Бишимбаевнинг укаси ҳам ҳибсга олинган. Аввалроқ Остона бош прокурори қотиллик содир бўлган жой “Гастромарказ”нинг ҳибсга олинган директори гумонланувчининг қариндоши эканини маълум қилганди.
“Амалиётга асосланиб, гумонланувчининг укаси Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 434-моддаси (Жиноят ҳақида хабар бермаслик) бўйича айбланиши керак”, деб ҳисоблайди адвокат.
Томонлар иш материаллари билан танишиб, илтимосномалар киритгач, иш якуний қарор учун прокуратурага юборилади.
Салтанат Нукенова Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлиб, 31 ёшда эди. Мутахассислар марҳума Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари изини топмаган. Тахминларга кўра, у бошига тўмтоқ жисм билан берилган кучли зарбадан ҳалок бўлган.
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғриликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бишимбаев умрбод қамоқ жазосини олиши мумкин. Бу ишни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шахсий назоратига олган.