Собиқ Президентнинг қизи ҳибсга олинди

Олам

image

Кеча, 9 январь куни Эрон Мажлисининг (парламенти) собиқ депутати ва таниқли аёллар ҳуқуқлари фаоли Фоиз Ҳошимий-Рафсанжоний ҳукуматга қарши намойишларни қўзғатганликда айбланиб, беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Fars Haber” ахборот порталига унинг адвокати Нида Шамс хабар берди. 

Унинг сўзларига кўра, Эрон Ислом Республикасининг собиқ президенти Али Акбар Ҳошимий-Рафсанжонийнинг (1934-2017) қизи бўлган Фоиз Ҳошимий-Рафсанжоний 27 сентябрь куни ҳибсга олиниб, Эвин қамоқхонасига қамалган.  

“Менинг мижозим биринчи инстанция суди томонидан аҳолини намойишга чорлагани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Биз бу қарор устидан қонуний муддат ичида шикоят қилишга ҳаракат қиламиз”, адвокат Шамс.  

Эрон адлияси ҳам 60 ёшли фаолни мамлакат хавфсизлигига қарши фитна уюштирганликда ва мавжуд ҳукумат тизимига қарши ташвиқотда айблаган. 

Ҳошимий-Рафсанжоний ноқонуний йиғилишларда қатнашгани учун аввал ҳам бир неча бор судланган. 2009 йилда у беш йилга сиёсий, маданий ва маърифий фаолиятдан четлаштирилди. 2011 йилда фаол ислоҳотчилар ҳаракати етакчиси Мир Ҳусайн Мусавийни қўллаб-қувватлаган митингда нутқ сўзлагани учун қамоққа тушган эди. 2017 йилда у Эрон ҳукумати амалдорларини обрўсизлантирувчи маълумотларни чоп этгани учун яна олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

Март ойида фаол 15 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Қўшимча жазо сифатида собиқ депутат икки йилга ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди. 

28 ноябрь куни Эрон ҳукумати Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жияни Фарида Муродхонийни ҳибсга олди. Бу унинг хорижий ҳукуматларни Теҳрон билан алоқаларни узишга чақирганидан кейин содир бўлди. 

Эрондаги тартибсизликлар ўтган йилнинг 16 сентабрида ҳижоб ўрамагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этган 22 ёшли Маҳса Амини дафн маросимидан кейин бошланган. Митинг ва юришлар 160 га яқин шаҳар ва қишлоқларни қамраб олди. Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақирди, ҳокимиятнинг репрессияларини қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон

Баҳолаганлар

1

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг