Эрон олий раҳбарининг жияни ҳибсга олинди

Олам

image

Эрон олий раҳбарининг жияни ва Исломий республиканинг очиқ танқидчиси Фарида Муродхоний мамлакатда давом этаётган режимга қарши намойишларни қўллаб-қувватлашини эълон қилди ва халқаро ҳамжамиятни эронлик намойишчиларни қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу ҳақда “Al Arabiya” нашри хабар берди.

Эроннинг ҳозирги олий раҳбари Али Хоманаийнинг синглиси Бадри Хоманаийнинг қизи бўлган Муродхоний Эрон Ислом Республикасини “қотил ва болаларни ўлдирувчи режим”, деб таърифлади.

Ўтган ҳафта ҳибсга олинган Мкродхонийнинг 26 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган. Фарда радиосига кўра, у ҳибсга олинишидан бир кун олдин ўз қарашларини видеога ёзиб олган.

“Барча эркинликни севувчи мамлакатлар рамзий ишора сифатида Эрондан ўз вакилларини чақириб олишлари ҳамда бу шафқатсиз режим вакиллари ва бўлинмаларини ўз мамлакатларидан чиқариб юборишлари, шу йўл билан Эроннинг эрксевар халқи билан бирдамлигини билдиришлари вақти келди”, дейди Муродхоний видеода.

Унинг айтишича, эронликлар чет эл аралашувини истамайди ва ташқаридан ёрдамсиз режимни ағдариш имкониятига эга. Унинг сўзларига кўра, улар хориж ҳукуматлари режимнинг омон қолишига ёрдам беришни тўхтатишларини хоҳлайди.

“Озод ва жасур эронликлар бу золим режимни ағдаради. Бу режимни қўллаб-қувватламасликлари керак”, дейди у.

Муродхонийнинг акаси ўтган ҳафта Twitter’да расмийлар унинг синглисини 23 ноябрь куни ҳибсга олишганини айтди. Муродхоний олдин ҳам режимни танқид қилиб келган ва шу йил бошида ҳамда 2018 йилда ҳибсга олинган эди.

Шунингдек, Ослода жойлашган Эрон Инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, намойишларда камида 416 киши, жумладан, 51 бола ва 27 аёл хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган.

Маҳса Амини вафоти ва намойишлар

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо bermoqda. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.

Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам бир қанча эронлик таниқли шахслар намойишларни қўллашини айтгани ва уларнинг баъзилари ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг