Эрондаги намойишларда айбланган таниқли актрисалар ҳибсга олинди – ОАВ
Олам
−
21 Ноябрь 2022
7583Эроннинг икки таниқли актрисаси ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишларини очиқ қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда IRNA агентлиги хабар берди.
Хенгаме Ғозиани ҳамда Катаюн Рияҳи тил бириктиришда ва Эрон ҳукуматига қарши ҳаракат қилишда айбланмоқда.
Аввалроқ иккала аёл ҳам омма олдига рўмолсиз чиқишган. Бу намойишчилар билан бирдамлик ишораси ҳисобланади.
IRNA хабарига кўра, бир неча маротаба мукофотланган актрисалар якшанба куни, 20 ноябрда Эрон прокуратураси буйруғи билан ҳибсга олинган.
Ҳибсга олинишидан аввал Хенгаме Ғозиани ижтимоий тармоқларда “Нима бўлишидан қатъий назар, билингки, мен ҳар доимгидек Эрон халқи билан бирга бўламан. Бу менинг сўнгги постимдир”, деб ёзиб қолдирган.
Бу жараёнларга мамлакатнинг машҳур шахслари турли хил фикрлар билдиришган.
20 ноябрь куни эрталаб Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида қатнашаётган футбол бўйича Эрон миллий терма жамоаси сардори Эҳсон Ҳажсафий “мамлакатимиздаги шарт-шароит тўғри эмас, халқимиз хурсанд эмаслигини қабул қилишимиз керак”, деган эди.
Яна бир машҳур шахс – Эрон бокс федерацияси раҳбари Ҳусайн Сури ўз мамлакатида намойишлар зўравонлик билан бостирилгани сабабли Испаниядаги турнирдан ватанига қайтмаслигини маълум қилган.
Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, хавфсизлик кучлари томонидан намойишлар бостирилиши натижасида 400 га яқин киши ўлдирилган, яна 16 800 нафари ҳибсга олинган.
Эрон раҳбарларининг айтишича, намойишлар – мамлакат ташқи душманлари томонидан уюштирилган “тартибсизликлар”дир. Бунга алоқадор беш нафар намойишчи ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Эрондаги намойишлар 22 ёшли Маҳса Амини ҳижоб қоидаларини бузганликда айбланиб, пойтахт Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олингани ва уч кун ўтиб, вафот этганидан кейин бошланган эди.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди. Масжидлар ва ҳукумат биноларига ўт қўйилган, ҳижобли аёлларга, тез ёрдам машиналари ва ёқилғи қуйиш шохобчаларига ҳужум қилинган.
Расмийларга кўра, Маҳса Аминининг ўлимига "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилди. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси