Собиқ президентнинг болалари ҳукуматни жиноятчиликда айблади

Олам

image

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг фарзандлари мамлакатнинг амалдаги ҳукуматини жиноятчиликда айблади. Бу ҳақда улар ўзларининг Instagram саҳифасида ёзди. 

Жумладан, Атамбоевнинг ўғли Қодир Атамбоев ўзи билан бир қаторда онаси, опаси ҳамда бошқа яқинлари уйидан ташқарига улоқтирилганини маълум қилар экан, уйига келган ҳамда ушбу ишларни амалга оширган расмийларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб атади.

Кичик Атамбоевнинг сўзларига кўра, 13 сентябрь куни Қўй-Тошдаги қароргоҳга формадаги одамлар келган, уларнинг сони тахминан 100 киши бўлган. Улар суд қарорини тақдим этмаган.

“Ҳатто кўчириш бўйича суд жараёни ҳам бўлиб ўтмади. Ички ишлар вазирининг ўринбосари воқеа жойида бўлиб, қариндошларимизнинг машинасини кутишимизга, ҳатто уй ҳайвонимизни (мушук) олиб кетишимизга ҳам рухсат бермай, тунда ҳудудни пиёда тарк этишга мажбур қилди. Бизга таҳдид қилишди ва “контейнерда яшаш” каби шаънимизни камситувчи сўзларни айтишди”, дейди у.

Унинг ёзишича, кўчириш пайтида нафақат хавфсизлик кучлари қатнашган, балки Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти раҳбари Қанибек Тумонбоев ҳам у ерда бўлган. Қароргоҳга кириш учун қўшнисининг панжарасидан ошиб ўтиш керак эди. Собиқ сиёсатчининг ўғлига кўра, Тумонбоев хавфсизлик хизматини бунга жалб қилган.

“Буларнинг барчаси дам олиш куни ва ҳеч қандай ҳужжатсиз, далолатномасиз ва ҳоказоларсиз содир бўлди. Бизнинг нарсаларимиз кўчага ташланди, уй-рўзғор буюмларининг бир қисми синдирилди. Суд ижрочисининг ҳар қандай қарори, ҳаракати ва кўчириш бўйича суд жараёни устидан шикоят қилиш мумкин. Бизни ҳатто бу ҳуқуқдан, судга бериш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилишди”, дея ёзади у.

Қодир Атамбоев баъзилар учун қиймат олтин, пул, самолётлар, қимматбаҳо курткалар ва бошқалар бўлса, Атамбаевлар оиласи учун асосийси халқ билан қолиш эканини айтган.

“Ҳа, бизни уйимиздан ҳайдашмоқда ва ягона уйимиз вайрон бўлмоқда, аммо бу муаммо фақат биздами? Бутун мамлакатда ҳужжатлари бор қонуний уйлар бузилмоқда. Ҳуқуқсизлик ҳукм сураётган бугунги кунда халқ билан бирга бўлиш, уларнинг дардини баҳам кўриш биз учун шарафдир”, дейди у.

У отасининг мулки Акаев даврида ҳам, Бакиев даврида ҳам, Сооранбай Жээнбеков даврида ҳам тортиб олингани ва бу ҳозир ҳам давом этаётганини таъкидлаган. Кичик Атамбоев буни отаси 1990 йилларда, Горбачёв ва СССР даврида йирик тадбиркорга айлагани билан изоҳлади.

“У кўпчиликка ўхшаб давлат лавозимларида ишламади ва бойиб кетиш учун хазинани ўғирламади, ҳаммамизни ҳалол ва одобли бўлишга ўргатди. У ҳар доим бизга шараф – дунёдаги ҳамма нарсадан муҳимроқ эканлигини айтди. Отам бизга яхши таълим, тўғри тарбия берди – бунинг учун отамиздан миннатдормиз. Ҳа, отам менга квартира, машина ёки пул қолдирмади, лекин менинг дадам дунёдаги энг зўри! Бизда бойлик йўқ, лекин мен Атамбоевнинг ўғлиман, кўчада бошимни баланд кўтариб юраман, қирғиз халқи бизга бир оиладек муносабатда. Бу ҳар қандай оддий одам учун асосий нарса”, дейди у.

Атамбоевнинг ўғли агар тақдир унга барча президентларнинг фарзандлари: Айдар Акаев, Максим Бакиев, Рустам Жапаров ёки Таймурас Ташиевнинг роли ва лавозимини танлашни насиб этса ҳам у яна ўзининг вазиятини танлашни афзал билишини айтган.

Атамбоевнинг қизи Алия Шагиева эса оила аъзоларининг уйидан ҳайдаб чиқарилган кунни мағлубият эмас, амалдаги Президент Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва уларнинг жиноий гуруҳларининг шармандалик куни эканини айтган.

“Суднинг тугашини кутмасдан, улар ўзларининг қудратли, қасоскор ва жазосизлигини намойиш этишни хоҳлади. Улар кўп одамларнинг кўзига тушди. Энди кўпроқ одамлар қонун – улар учун ҳеч нарса эмаслигини ва улар фақат жиноят олами тилида гаплашишларини билади. Аммо улар ҳамма нарсани иложи борича ифлос ва камситувчи ҳаракатлар билан қилди, бутун бир қўшин билан огоҳлантирмасдан пайдо бўлишди ва бизни ёмғирда улкан тоғлар орасида нарсаларимиз билан кўчада қолдиришди”, деган у.

Қирғизистонга 2011-2017 йилларда раҳбарлик қилган Атамбоев 2019 йилнинг 8 август куни Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида деярли бир кун давом этган махсус операция давомида қўлга олинган эди. Унга қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатган ва махсус бўлинманинг бир зобити операция давомида ҳалок бўлган. Тўқнашув вақтида 100 дан ортиқ одам, жумладан, полициячилар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Собиқ президент ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан зўравонлик қўллаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик, қотилликка уриниш, шунингдек, гаровга олишни ташкил этиш, Бишкек Иссиқлик электр станциясини реконструкция қилишдаги коррупция, Бишкекдаги “Форум” саноат гуруҳи биноси билан ноқонуний битим тузиш, Қўй-Тош қишлоғи ва Иссиқкўл вилоятидаги ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш айбловлари қўйилган.

Собиқ давлат раҳбари 2020 йил ёзида 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик Атамбоевга қўйилган баъзи айбловлар олиб ташланган, 2022 йил июнида эса у 2020 йил октябрь ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, оқланган эди.

Суд қарори билан 2023 йил 14 февралда 3,5 йил тартибли колонияда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди ва республикани тарк этди. Жорий йилнинг 3 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Қўй-Тош воқеалари бўйича ҳукм чиқарди. Собиқ президент Алмазбек Атамбоев мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишдаги бошқа айбланувчиларга ҳам турли муддатлар берилди. Аммо орадан бир қанча вақт ўтиб, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берди ва уни афв этишга тайёрлигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Собиқ президент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг