Собиқ иттифоқ давлатларининг раҳбарлари 9 майни қандай нишонлади?

Олам

image

Бугун 9 майда дунё Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабани нишонлади. Айниқса, Собиқ иттифоқ давлатлари бу кунни алоҳида нишонлайди. Кимдир хотира куни сифатида кимдир ғалаба куни сифатида.

Собиқ Иттифоқ раҳбарлари ушбу кунда фахрийларни Ғалаба куни билан табрикладилар ва хотира тадбирларида иштирок этдилар. Келинг уларни бирма-бир бу кунни қандай ўтказганини кўриб чиқамиз.

Украина Президенти Владимир Зеленский Карпат ортида иш сафари билан бўлиб, Иккинчи Жаҳон урушида Украинани фашист босқинчиларидан озод қилиш учун жангларда ҳалок бўлган аскарларнинг қабрлари ва Шон-шараф тепалигидаги ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Зеленский абадий олов остига гул қўйган ва ҳалок бўлган аскарларга ҳурмат бажо келтирган.

“Биз бу ғалабанинг қимматли баҳосини ҳеч қачон унутмаймиз“, дейди Зеленский.

Кеча, 8 май куни Зеленский Луганск вилоятига сафари чоғида Иккинчи Жаҳон уруши пайтида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирганди. Меловой қишлоғида Президент “Украина — озод қилувчиларга“ ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Президент абадий оловга гуллар ва ҳайкал композицияси ёнига шамчироқ қўйди.

Грузия Президенти Саломе Зурабишвили 9 май куни Тбилисидаги Ваке Боғида номаълум аскар мемориалига гулчамбар қўйди. Грузия Бош вазири Гиорги Гахария ҳам номаълум аскар мемориалига ташриф буюрар экан, фахрийларга ғамхўрлик қилиш Грузия ҳукуматининг кундалик вазифаси эканлигини таъкидлади.

“Бизнинг кичик мамлакатимиз ушбу урушда ғалаба қозониш учун 300 минг қаҳрамонни фидо қилди. Шунинг учун биз уларнинг хотирасини доимо ҳурмат қилишимиз керак“ дейди Гахария.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қарорига биноан, 9 май куни Ашхободда Халқ хотираси ёдгорлик мажмуаси олдида ҳарбий парад ташкил этилди. Кечаси пойтахтда мушак отилди.

Бердимуҳамедов бошқа ҳамкасблари сингари уруш фахрияларини зиёрат қилди, Уларга мукофотлар тақдим қилди.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Ғалаба кунининг 75 йиллиги шарафига Душанбе шаҳридаги Ғалаба боғи хотирасига гулчамбар қўйди. Таъкидланишича, урушда ҳалок бўлганлар хотирасига Тожикистон Республикаси Миллий Мажлис, ҳукумат ва Мудофаа вазирлиги номидан гулчамбарлар қўйилди.

9 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фашизм устидан қозонилган гʼалабанинг 75 йиллиги муносабати билан очилган Гʼалаба боғи ва Шон-шараф музейига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, Президент боғга ташрифни “Матонат мадҳияси” мемориал мажмуасига гул қўйишдан бошлади. Мажмуа Тошкент вилояти Хонобод қишлоғидан бўлган Зулфия Зокированинг асл тақдирига асосланган.

“Бу Ўзбекистоннинг барча оналарига ўрнатилган ёдгорлик. Мемориал ёдгорлик барчамиз учун зиёратгоҳга айланади“, дейди Президент мажмуанинг очилиш маросимида.

Шунингдек, давлат раҳбари Ғалаба боғи ҳудудида жойлашган Шон-шараф музейи билан танишди. Сўнгра, Ғалаба боғи амфитеатрида байрам тадбири бўлиб ўтди. Маросимда бир нечта уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар иштирок этди.

Мирзиёев карантин режими туфайли уруш ва меҳнат фахрийларининг аксарияти байрамни уйда ўтказаётганидан афсусда бўлиб, уларга миннатдорчилик ва эзгу тилакларни изҳор этди. Ўзбекистон Фахрийлари Жамғармаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда республикада 552 уруш фахрийси, 30 мингга яқин меҳнат фронти фахрийлари яшайди.

9 май куни Молдова Президенти Игор Додон Парламент спикери Зинаида Гречани ва Бош вазир Ион Кику билан биргаликда Кишинёвдаги ҳарбий шон-шараф мемориалига гулчамбар қўйди ва ватандошларни Ғалаба куни билан табриклади.

“9 май — бу Ғалаба куни. Бу Молдова ва Молдоваликларга тегишли. 400 мингдан ортиқ молдоваликлар Қизил Армия, Қаршилик ҳаракати сафларида, партизан отрядларида, ер ости қисмида фашистик босқинчилар билан жанг қилишди. 100 мингдан ортиқ молдаван аскарлари жангда ҳалок бўлди. Ватан мустақиллиги ва Европа халқларини фашизм даҳшатларидан озод қилиш учун улар жонини фидо қилди “, дейди Додон.

Қизил Армия таркибида Молдованинг 400 мингга яқин туб аҳолиси жанг қилган. Уларнинг 250 минг нафари мукофотланди, 19 киши Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари бўлди. Бугунги кунда Молдовада 400 дан кам ветеранлар яшайди. Мамлакатдаги СССР Қаҳрамонларининг бирортаси ҳам тирик эмас.

Коронавирус пандемияси муносабати билан Молдовада “Ўлмас полк“ юриши, митинглар ва бошқа оммавий тадбирлар қолдирилди.

Беларусь Президенти Александр Лукашенко Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан посцовет давлатлари раҳбарларига, шунингдек Гитлерга қарши коалицияга аъзо давлатлар, таниқли сиёсий арбоблар ва интеграция тузилмалари раҳбарларига табриклар йўллади.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга табрикномасида Белорусь давлатининг раҳбари “бу тарихий воқеа инсоният тарихидаги энг шафқатсиз ва ҳалокатли урушда ўз она юртининг тинчлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилган Совет халқининг жасоратини шарафлайдиган ҳар бир киши учун муқаддас байрамдир“ деб таъкидлади.

Беларусда коронавирус хавфига қарамай ҳарбий парад бўлиб ўтди. Буни Лукашенко энг муҳим қолдириб бўлмас тадбирлардан деб ҳисоблагани учун ўтказди. Лекин, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу парад мамлакатда коронавирус тарқалишини авж олишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева 9 май куни Совет Иттифоқи Қаҳрамони Ҳази Аслановнинг мемориал мажмуасини зиёрат қилди. Унинг ҳайкалига гулчамбар қўйдилар ва уруш пайтида ҳалок бўлган барча озарбайжонларга ҳурмат бажо келтирдилар.

Озарбайжон бошқа собиқ иттифоқ мамлакатлари сингари ушбу кунни кенг миқёсда нишонламади. Мажмуага ҳам мамлакатнинг икки раҳбари (Президент ва вице-президент) ортиқча одамларсиз ташриф буюрди. На ҳарбий оркестр на фахрийлар ушбу маросимда иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Иккинчи жаҳон уруши 9 май

Баҳолаганлар

279

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг