Собиқ элчи Исроилнинг Ўзбекистондаги расмийси билан учрашди
Жамият
−
09 Февраль
68942017-2023 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШ, Канада ва Бразилиядаги элчиси вазифасини бажарган Жавлон Ваҳобов Исроилнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Зеавит Бен Ҳиллель билан учрашди. Бу ҳақда бугун, 9 февраль куни дипломат ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида 3 хил (инглиз, ўзбек, рус) тилда маълум қилди.
"Исроил элчиси Зеавит Бен Ҳиллелга минтақаларимиздаги вазият ҳамда Ўзбекистон ва Исроил муносабатлари ҳақида тўғридан-тўғри, холис ва очиқ суҳбат қургани учун ўз миннатдорлигимни билдираман", деган айни дамда Марказий Осиё халқаро институти ректори лавозимида ишлаётган Ваҳобов.
Қайд этилишича, улар икки томонлама кун тартиби контекстида Исроилнинг доимий ўзгарувчан иқлим, урбанизация ва сув танқислиги шароитида сув ресурслари соҳасидаги илғор тажрибаси, шунингдек, Ўзбекистонда татбиқ этилиши мумкин бўлган билимлар ҳақида гаплашган.
"Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари тобора яқинлашиб бораётган бир даврда, элчи хоним билан ҳамкорликнинг янги механизмлари юзасидан атрофлича фикр алмашдик", дея қўшимча қилган собиқ элчи.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 2 апрель куни Жавлон Ваҳобов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимини тарк этган ва жорий йилнинг 3 январидан Марказий Осиё халқаро институтининг янги директори этиб тайинланганди.
LiveБарчаси