Собиқ депутат Қобул Дусов ҳам қидирувга берилдими?
3-саҳифа
−
11 Август 2023
22078Ижтимоий тармоқларда собиқ депутат Қобул Дусов қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланди.
Матбуот котибининг маълум қилишича, буларнинг барчаси Дусов Facebook саҳифасида ўзининг “қидирувга берилгани” ҳақидаги саркастик постни қолдирганидан бошланган.
“Бири пост қолдирган, қолганлар ҳайп қилиш учун тарқатиб юборган. Айрим Telegram-каналлар ҳам бу хабарни чиқарган”, дейди Ғиёсов.
У, шунингдек, яна бир собиқ депутат Расул Кушербоев Дусовнинг ИИВ базасида қидирувдаги шахслар рўйхатида экани ҳақидаги постни ўз Telegram-каналига жойлагани ва бу ҳам ушбу хабарнинг янада кенгроқ тарқалишига сабаб бўлганини айтиб ўтди.
Дусов Facebook'да “Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармасини деб” ўзининг бир йилдан буён қидирувда эканини таъкидлаган. У, шунингдек, собиқ Аттестация марказининг ўтган йили берган даъвоси бўйича ИИВ ва Чирчиқ ИИБга адвокати Обид Жўрабоев билан кириб чиққанини ҳам ёзган.
“Муаммо йўқ эди, терговчи чақирган вақтда Тошкентдан адвокатим билан бир неча бор бордим ва унинг вақти бўлмади биз билан кўришишга. Бугун эса шу иш бўйича бир йилдан бери қидирувда эканман... Ўзим ҳам билмабман қидирувдалигимни. Илтимос, мени ИИБга топиб беринг. Манзилим Тошконнинг киндигида”, деб ёзади у.
Кейинроқ ўчириб юборилган ушбу постда ёзганлари бўйича унинг ўзидан изоҳ олиш мақсадида Дусов билан алоқага чиқдик. Собиқ депутатнинг айтишича, бунда англашилмовчилик юз берган ва айни пайтда унинг адвокати бу бўйича иш олиб бормоқда.
“Адвокатим ИИБ ходимлари билан гаплашди: қидирувда эмас эканман, иш жойимдаман. Ҳозирда ҳаммаси жойида хавотир олганларга раҳмат!”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик икки блогер Шерали Комилов ҳамда “Санжар Хўжа” тахаллуси билан танилган Санжар Икромов қидирувга берилгани маълум қилинган эди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси