Собиқ бош вазир сиёсатдан кечиб, шоу-бизнесга ўтяпти
Олам
−
28 Сентябрь 2023
13095Финляндиянинг собиқ бош вазири Санна Марин телевидение, кино, медиа ва кўнгилочар соҳалар учун истеъдодларни излашга ихтисослашган Range Media Partners компанияси билан шартнома имзолади. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Билдирилишича, компания собиқ сиёсатчига “ОАВ ва кўнгилочар, жумладан, телевидение, кино, мусиқа ва брендлар билан ҳамкорликдаги имкониятларни ўрганишда” ёрдам беради. Range Media Partners мижозлари орасида Брэдли Купер, Том Ҳарди ва Кира Найтли каби Голливуд юлдузлари ҳам бор.
Қайд этиш жоизки, Финляндия парламенти жорий йилнинг 12 сентябрь куни депутат ва собиқ бош вазир Санна Маринни парламент ваколатларини амалга оширишдан озод қилганини эълон қилди. Парламент йиғилиши баённомасига кўра, Марин 7 сентябрь куни Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Тони Блэр бошчилигдаги Глобал ўзгаришлар институтида стратегик маслаҳатчи лавозимига ўтганлиги муносабати билан депутатликдан озод қилинишини сўраган.
Маълумот учун, Санна Марин дунёдаги энг ёш етакчилардан бири бўлган. У 2019 йил охирида, 34 ёшида лавозимга киришгач, дунёдаги энг ёш Бош вазирга айланган.
Мариннинг айтишича, унинг оиласи болалигида жуда камбағал бўлган ва у 20 ёшга тўлгунга қадар ўзини таъминлаш учун универмагда ишлаган. Санна Марин Финляндиядаги бепул таълимдан фойдаланиб, маъмурий фанлар бўйича магистр даражасини олган. У ёшлигидан сиёсатга аралашган ва 28 ёшидан бошлаб туғилиб ўсган шаҳри Тампере шаҳар кенгашига раислик қилиб, малакали раҳбар сифатида обрў қозонган. Санна Марин 2015 йилда ва 2019 йилда парламентга сайланган, ўшанда унинг партияси сайловда ғалаба қозонгач, у транспорт ва коммуникациялар вазири бўлган. Орадан олти ой ўтгач, ўша пайтдаги партия раиси Антти Ринне иш ташлашлар ортидан истеъфога чиқишга мажбур бўлган ва Социал-демократик партия Маринни Бош вазир лавозимига кўрсатган.
Марин тез орада Финляндиянинг COVID-19 пандемиясига қарши жавобини, кейин эса қўшни Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида юзага келган Европанинг энергия инқирозини бошқара бошлаган. Ҳозирда 37 ёшда бўлган Марин “Vogue” ва “Time” журналларининг муқоваларидан ҳам жой олган. У Instagram'да миллионлаб обуначиларга эга ва бутун дунёдаги мухлислари томонидан илғор етакчилар учун минг йиллик намуна сифатида кўрилади.
Аммо Марин ўз мамлакатида мухолифат томонидан марказий коалициянинг харажатлари, ОАВ томонидан эса Европадаги энергия инқирози авжига чиққан бир пайтда инфлюэнсерлар билан “шовқинли” базм ўтказгани учун танқидга учраган.
Санна Марин бош вазир лавозимини эгаллаганидан бир йил ўтиб, 2020 йилда турмушга чиққан. Ҳозирда унинг 5 яшар қизи бор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидаги мағлубиятдан сўнг у ҳукумат раҳбари лавозимидан кетган эди.
LiveБарчаси